Армия бош қўмондони Жозеф Аун душанба куни сиёсатчиларни огоҳлантириб, инқироз қуролли кучлар мавжудлигини хавф остига қўйганини айтди.

«Аскарлар ҳам оч қолишмоқда, худди халқ каби. Уларга армия керакми ўзи? Сизлар армия мустаҳкам оёқда туришини хоҳлайсизми ёки йўқ? Уларга барибир экан», деган генерал душанба кунги матбуот анжуманида.

Намойишчилар пойтахт йўлларида ва ундан ташқарида баррикадалар қуришда давом этмоқда.

Генерал Аун ўз ғазаби кимларга қаратилганига аниқлик киритмаган.

Бир кун олдинроқ мамлакат президенти Мишель Аун шошилинч йиғилиш чақириб, куч ишлатар тузилмалардан мухолифат акциялари вақтида пойтахтдаги йўллар тўсиб қўйилишига йўл қўмасликни талаб қилганди.

(Жозеф ва Мишель Аун - фамилиядошлар. Иккиси ҳам генерал мақомига эга).

Генерал Жозеф Аун армия тарқалиб кетиши хавфидан огоҳлантирди /Getty Images

Ҳарбийлар тўғридан тўғри президентга қарши боришмаяпти. Аммо Reuters агентлиги манбасининг айтишича, президентнинг талаби у ва бош қўмондон ўртасида низо келтириб чиқарган.

Душанба куни Жозеф Аун сиёсатчиларни учинчи йил давом этаётган инқироздан чиқиш йўлини топишга чақирди.

«Зобитлар ҳам очликдан жабр чекишмоқда. Мен амалдорларга мурожаат қилмоқчиман: сиз қаерга кетяпсиз? Нимани кутяпсиз? Нимани режалаштиргансиз?» - деган генерал.

«Армиянинг парчаланиши бу тузилманинг тугашини англатади, бунга эса йўл қўйиб бўлмайди. Армия тутиб турибди ва 75-йил тажрибаси такрорланмайди», - деган Аун Ливанда 1975-1990 йилларда бўлиб ўтган фуқаролик урушини назарда тутган ҳолда.

Зобитлар дезертирлик даражаси ошишидан хавфсирамоқда / Reuters

Ўтган ҳафтада Ливан фунти яна бир бор рекорд даражада қадрсизланганди.

Бу валюта 2019 йилдан буён 85 фоизга қадрсизланган. Америка валютасига ҳисоблаганда, аскарлар ва полициячиларнинг маоши 800 доллардан 120 долларгача пастлаган.

Ўтган йилда армия аскарлар рационидан гўштни чиқаришга мажбур бўлганди. Феврал ойида Франция элчихонаси Ливан армияси учун озиқ-овқат хайрия қилди.