Norma’нинг ёзишича, низом билан коррупциявий омилларни аниқлаш – давлат органлари ва ташкилотлар томонидан чек-лист тўлдирилиши юзасидан янги тартиб жорий қилинади. Чек-лист – норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларида коррупциявий омилларни аниқлаш бўйича намунавий шаклдаги саволнома.

Коррупцияга қарши экспертиза ўтказилаётганда норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки лойиҳанинг ҳар бир нормаси ёхуд қоидаси таҳлили амалга оширилади, коррупциявий омиллар мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги чек-листда акс эттирилади.

Қуйидагилар коррупцияга қарши экспертиза ўтказишнинг асосий тамойиллари ҳисобланади: қонунийлик, тўлиқ қамраб олинганлик, очиқлик ва шаффофлик, холислик, мустақиллик, асосланганлик.

Коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлигида коррупциявий омиллар аниқланган тақдирда, мажбурий равишда уларни бартараф этишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилади ва чоралар кўрилади.

Низом билан қуйидагилар белгиланган:

  • коррупциявий омиллар;
  • лойиҳалар ва амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш тартиби;
  • коррупцияга қарши экспертиза ўтказувчи адлия органи ходими ҳуқуқ ва мажбуриятлари.

Норматив-ҳуқуқий лойиҳаларни ишлаб чиқувчилар учун қулайлик яратиш мақсадида коррупциявий омиллар бўйича аниқ мисоллар келтирилган. Ушбу омиллар тўлиқ кўриб чиқилган, улар мазмуни қисқа, аниқ ва батафсил мисоллар келтирилган методика асосида тушунтириб берилади.

Хусусан, қонун ҳужжатларида асосланмаган истисно ҳолатлари қўлланилиши тақиқланади, қўлланиладиган норма ягона ва барча учун умумий бўлиши лозимлиги белгиланган.

Шу билан бирга, эндиликда коррупцияга қарши экспертизани ўтказиш жараёнига мустақил экспертлар ва тор доира йўналишларидаги мутахассислар жалб қилиниши мумкин.

Шунингдек фуқаролар regulation.gov.uz порталида чек-листни тўлдириш орқали қонун ҳужжатлари лойиҳалари бўйича ўз фикрларини билдиришлари мумкин.

2020 йилда Transparency International ташкилоти томонидан тузилган рейтингга мувофиқ 183та мамлакат орасида коррупция даражаси бўйича Ўзбекистон 26 балл билан 146-ўринни эгаллаган.