Глобализация - бу товар ва хизматларнинг трансчегаравий савдоси, технологиялар ва инвестициялар, одамлар ва ахборот оқимлари натижасида вужудга келган дунё иқтисодиёти, маданияти ва аҳолисининг ўсиб бораётган ўзаро боғлиқлигини тавсифлаш учун ишлатиладиган тушунчадир.

Глобаллашув ҳар бир мамлакатни қиёсий устунлик, яъни энг кам миқдордаги ресурслардан фойдаланган ҳолда энг яхши ишлаб чиқарадиган нарсаларга ихтисослашишга ундайди. Ушбу концепция ишлаб чиқаришни самаралироқ қилади, иқтисодий ўсишни рағбатлантиради ва товарлар ва хизматлар нархларини пасайтиради, айниқса уларни кам даромадли уй хўжаликлари учун қулайроқ қилади.

Глобаллашув кўп жиҳатдан иқтисодиётга бориб тақалади. Янги технологиялар жорий қилиниши ва такомиллаштирилиши натижасида ишлаб чиқариш ҳажми ва сифати ортди. Масалан, бир неча йил илгари умуман мавжуд бўлмаган технологиялар эндиликда давлатларнинг умумий ЯИМ ўсишига ва тараққиётига хизмат қилмоқда.

Глобаллашувнинг кучайиши натижасида меҳнат бозоридаги тақсимотда ҳам ўзгаришлар бўлмоқда. Жаҳон иқтисодий форумининг охирги йиғилишида маълум қилинишича, 2025 йилга келиб, 85 миллион ишчи ўрни йўқ бўлиши, аммо ўрнига 97 миллион иш жойлари яратилиши маълум қилинган.

Хўш, пандемия сабаб тезлашиб кетган технологиялар тараққиёти ва Тўртинчи саноат инқилоби Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатади.

Ўзбекистон сингари ривожланаётган давлатлар технологик сакрашда ихтирочи бўлиб, глобал технология платформаларида фаол иштирок этиши учун нима қилиш керак, деган саволга Япониянинг Токио университети докторанти Бекзод Зокиров ўз фикрларини билдирди.

Экспертнинг таъкидлашича, республика зиммасидаги асосий вазифа технологик ривожланиш учун муҳим бўлган уч томон: давлат-саноат-академия (илмий тадқиқот марказлари) ҳамкорлигини мустаҳкамловчи институционал муҳит яратишдан иборатдир.

«Учбурчакнинг асосий қисми бўлмиш университетлар ва улардаги тадқиқот марказлари нафақат турли саноатдаги бизнесларни қўллаб- қувватловчи ихтиро манбалари, балки турли инновацион ғояларга асосланган стартаплар учун инкубатор вазифасини ҳам ўтайди. АҚШ, Европа ва Осиёдаги ривожланган давлатларнинг деярли барчасида стартаплар университет ҳудудида шаклланиши бежиз эмас. Бунинг учун университетларда, албатта, эркин илмий муҳит мавжуд бўлиши, профессор ва талабаларнинг илмий ғоялари, меҳнатлари қоғозда қолиб кетмай, амалиётда қўлланиши учун мустаҳкам патент тизими шаклланиши шарт», дейди Бекзод Зокиров.