Ўзбекистон | 13:06 / 25.03.2021
9564
3 дақиқада ўқилади

«Zarafshan Golden Group» МЧЖ: «Қурилишдаги камчиликлар бартараф этилмоқда»

Сўнгги кунларда Навоий вилоятида ноқонуний равишда бинолар қурилаётгани ҳақда хабарлар пайдо бўлиб, муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Жумладан, қурилиш вазирлиги сайтида бу бўйича эълон қилинган хабарда қурилаётган биноларда ҳудудий инспекцияни хабардор қилмаслик, техник ижро ҳужжатлари юритилмагани маълум қилинган.

«Zarafshan Golden Group» масъулияти чекланган жамияти ахборот хизмати ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилди:

Зарафшон шаҳар ҳокимининг 2020 йил 28 июлдаги Қ-214-сонли қарори билан «Zarafshan Golden Group» МЧЖга Зарафшон шаҳар 13-кичик туман ҳудудидан, шаҳарнинг бош режасига асосан «Кўп қаватли турар-жой биноси қуриш учун» 0,525 га ер майдони ажратиб берилган.

Ушбу ҳудудда қурилиш ишларини амалга ошириш учун архитектура-режалаштириш топшириғи Навоий вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи томонидан 2020 йил 25 августда тасдиқланган ҳамда табиий газ, электр тармоқлари, ичимлик суви ва канализация тармоқларига уланиш юзасидан техник шартлар берилган. Давлат экологик экспертизаси хулосаси олинган.

Мазкур ер майдонида юртимизда биринчи бор йиғма темир-бетон конструкциялари асосида замонавий, 12 қаватли турар-жой биноси қуриш учун Россиянинг «УДС-Инжиниринг» компанияси билан 2020 йил 24 августда имзоланган шартномага асосан лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрлаб берилди.

Қурилиш объектини юртимизда адаптациядан ўтказишда маълум вақт талаб этилиб, «TOSHUYJOYL ITI» АЖ томонидан адаптация ишлари якунланди. Қурилиш объектида фақат котлован қисми ишлари якунланиб, лойиҳа-смета ҳужжатларини тасдиқлатиб, белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилган.

Ҳужжатлар қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясидан рўйхатдан ўтказилгунга қадар жорий йил 9 февралда ана шу инспекция томонидан берилган ёзма кўрсатмага асосан қурилиш ишлари тўхтатилган ва бу ҳақда инспекцияга дарҳол хабар қилинган.

Шунингдек, жамиятимиз таъсисчиси ҳисобланган «ZARAFSHON BUILDINGS» МЧЖ томонидан Тошкент шаҳар, Яккасарой туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 4937-сонли қарорига асосан турар-жой бинолари, савдо ва маиший бинолар қурилиши юзасидан ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари тасдиқланиб, техник шартлар, давлат экологик хулосаси ва бошқа зарурий ҳужжатлар тўлиқ расмийлаштирилмоқда.

Тегишли ҳужжатлар ўз вақтида расмийлаштирилмаганлиги ва қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган масъул ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилганлиги маълум қилинади.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид