Иқтисодий хабарлар таҳлили лойиҳасининг навбатдаги сонида молиячи Отабек Бакиров ҳамда Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Ҳидоятов аҳолининг уй-жойларга бўлган талаби, кам таъминланган қатламга уй жой хариди учун субсидиялар ажратиш, шаҳарларда қурилаётган уйлар ва инфраструктуралар ҳақида суҳбатлашишди.

Суҳбатнинг биринчи қисми

Янги уйлар нархи нега қиммат? Молиячи ва вазир суҳбатида арзон уй-жойлар масаласи

Бошловчи, Алишер Рўзиохунов: — Кейинги йилларда уй қурилишлари сони кескин ортиши кутилмоқда. Қандай қилиб бозор қоидаларини бузмасдан уй нархига таъсир кўрсатиш, яъни уйлар нархини пасайтириш мумкин?

Шерзод Ҳидоятов: Биринчи навбатда қурилиш материалларини ишлаб чиқариш - қурилиш индустриясини ривожлантиришимиз керак. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда қурилиш ҳажмига қарайдиган бўлсак, охирги уч йилда кескин нархи ошиб кетди. Аввал жами 4-5 миллион квадрат метр [йилига] уйлар қурилган бўлса, ҳозирги кунда 15-16 миллион квадрат уйлар қурилмоқда. Бу йил ундан ҳам юқори бўлади.

Шерзод Ҳидоятов

Ҳар гал қурилиш мавсуми мартдан кейин бошланади, кун исиши билан бизда металл билан арматура, бетон, темир, цемент нархи ошиб кетади.

Ўтган йилга назар ташлайдиган бўлсак, Сардобада янги уйлар қурилган вақтда ҳам қурилиш материаллари нархи кескин ошди: арматуранинг бир тоннасининг нархи 500 доллар, цемент 90 доллар атрофида эди. Бугун арматура 850 долларга, цемент 1 миллион сўмга яқинлашди.

Бу жаҳон бозорига боғлиқ. Бизда қўшимча қурилиш ҳажми ошиб, ўз вақтида қурилиш маҳсулотлари етишмай қолгани ҳисобига бироз ўзгариш бўлиб нарх яна кўтарилди. Ҳозирги кунда қурилиш материалларини ишлаб чиқарадиган тадбиркорлар кўпайиб бормоқда. Бироқ бизда металл билан боғлиқ имкониятимиз йўқ: бизда металл фермит орқали эритилиб Бекободда ишлаб чиқарилади. Бизга кўпроқ Қозоғистон ва бошқа қўшни давлатлардан арматура кириб келади.