Ўзбекистон | 17:11 / 01.04.2021
17200
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда физикага ихтисослашган илк таянч мактаб фаолиятини бошлади

Таянч мактаблар билан илмий-тадқиқот институтлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида 1 апрел куни Мирзо Улуғбек туманидаги Улуғбек шаҳарчасида физикага ихтисослашган таянч мактабининг расмий очилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Президентнинг 2021 йил 19 мартдаги «Физика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан 28та таянч ва 175та физика фани чуқурлаштириб ўқитиладиган мактаб (синф)лар ташкил этилиши белгиланган эди, бундай мактабларни республиканинг ҳар бир вилоятида ташкил этиш кўзда тутилган.

Мактаб Фанлар академиясининг Ядро физикаси илмий-тадқиқот институти ҳамда Ўзбекистон Миллий университетининг Физика факультетига бириктирилган бўлиб, келажакда физик олимлар томонидан таянч мактабга айлантирилади.

Мазкур мактаб жорий йилда инвестиция дастурига кўра янгича ёндашув ва дизайн асосида мукаммал таъмирдан чиқарилган бўлиб, лойиҳа қуввати 1176 ўринга мўлжалланган 4 қаватли бинони ўз ичига олади.

Мактабда ўқувчилар учун муносиб шароитлар яратилиб, физика фанидан замонавий лаборатория жиҳозлари (STEAM лаборатория) билан таъминланган.

Бинода 45та ўқув хонаси, 8та хорижий тиллар, 2та ахборот технологиялари хонаси, 1та кимё, биология, физика лаборатория хоналари, 5та муҳим ташаббус доирасида тўгарак хоналари, 219 ўринли фаоллар зали, 1та спорт зали, 3та очиқ спорт майдони, 2та технология хонаси, мусиқа хонаси, замонавий кутубхона ва тиббиёт ҳамда болалар тиш шифокори хонаси, 128 ўринли ошхона, ҳатто ўқитувчилар учун алоҳида хоналар тайёрланиб, тўлиқ жиҳозланган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид