Блогер Умид Ғофуров Бухоро давлат тиббиёт институтида коррупция ҳолатлари авж олганини хабар қилди. У «Одам анатомияси» дарслиги талабаларга мажбуран сотилаётгани, бу дарсликни чоп этиш бўйича буюртмалар шубҳали тарзда «Bitubi Grupp» МЧЖга берилаётганини маълум қилди.
Умид Ғофуровга кўра, «Одам анатомияси» дарслиги муаллифларидан бири ва айни вақтда институт ректори в.в.б. Шуҳрат Тешаев «Bitubi Grupp» МЧЖ таъсисчиси Эдуард Ицков билан келишган ҳолда, бир нечта шартномалар орқали 1,4 млрд сўмга яқин институт пулларини шу корхонага кўчириб бермоқда.

Блогер бир нечта таклифлар орасидан «Bitubi Grupp» МЧЖнинг танлаб олинишига эътибор қаратди. Китоб биржа савдоларига қўйилганда ҳар бир дона тўплам учун 364 минг, 369 минг, 373 минг ва 380 минг сўмлик нисбатан арзонроқ таклифлар берилгани ҳолда 382 минг сўмни ташкил этувчи «Bitubi Grupp» МЧЖ таклифи қабул қилинган.
Бухоро давлат тиббиёт институти ҳолатга муносабат билдириб, мазкур китоб смарт шаклдаги қулайликларга эгалиги, китобни яратишдан мақсад тиббий таълимнинг инновацион технологияларини қўллаш эканини билдирди.
Расмий ахборотда университет китоб чоп этиш бўйича шартномаларни Товар-хомашё биржаси орқали қонун доирасида амалга оширгани, харидларни етказиб бериш бўйича ўз тижорий таклифини берган корхоналар китобга қўйилган талабларни тушуниб, савдода иштирок этишни ўзлари рад қилгани, китоб муаллифларидан бири – институт ректори в.в.б. Шуҳрат Тешаев бу лавозимга 2020 йил 19 сентябрда тайинлангани ва шартномаларнинг аксарияти Ш.Тешаев ҳали раҳбар бўлмаган вақтда тузилгани маълум қилинган.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги
Бундан ташқари, институт баёнотида «Bitubi Grupp» МЧЖ ўқув тиббий адабиётларни нашр этиш бўйича лицензияга эгалиги, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги томонидан муаллифларга китобни чоп этиш бўйича нашр рухсатномаси берилгани ҳам таъкидланган.










