«Ўзбекистон минг тонна буғдой, 500 тонна пахта уруғи берди» – Қирғизистон бош вазири
Ўзбекистон Қирғизистонга минг тонна буғдой, 500 тонна пахта уруғи юборган. Бу ҳақда Қирғизистон бош вазири Улуғбек Марипов Facebook᾽даги жонли эфир вақтида маълум қилган.
Унинг айтишича, Ўзбекистон берган буғдой ва пахтанинг ярми ҳадя бўлса, қолган ярмини қирғиз томони буғдой ва пахта шаклида қайтариши керак. Шунингдек, Тошкент Бишкекка 10 минг туп кўчат ҳам ҳадя қилган.
«Ўзбекистонга бўлган хизмат сафаримизда Ўзбекистон бизга ёрдам сифатида минг тонна буғдой уруғини берадиган бўлди. Минг тонна буғдойнинг ярми бепул берилаётган бўлса, қолган ярмини маълум вақтдан кейин буғдой шаклида қайтарамиз.
Бундан ташқари, [Ўзбекистондан] беш юз тонна пахта уруғи оляпмиз. Бунинг ярми беғараз ёрдам, ярмини эса вақти келганда пахта билан қайтарамиз.
Бизга 10 минг туп кўчат ҳам ҳадя қилинди. Фурсатдан фойдаланиб ўзбек дўстларимизга миннатдорчилик билдираман», деган Улуғбек Марипов.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда 25-26 март кунлари Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтган, мазкур тадбирда қатнашиш учун Қирғизистон бош вазири Улуғбек Марипов Тошкентга келганди.
Ташриф доирасида қардош мамлакат ҳукумати раҳбари Тошкент шаҳридаги бир қатор саноат объектлари фаолияти билан танишган, икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия йиғилиши якунида ҳужжатлар имзоланганди.
Аввалроқ Ўзбекистон қайтариб бериш шарти билан Қирғизистонга 2021 йил март ойидан октябр ойигача ва 2022 йил март-апрел ойларида 750 миллион киловатт-соатгача электр энергияси етказиб бериши ҳақида хабар берилганди.
Мавзуга оид
18:02 / 23.12.2024
Садир Жапаров Фарғона вилояти ҳокимини «Данк» ордени билан мукофотлади
17:23 / 21.12.2024
Садир Жапаров Европарламентни Қирғизистон сиёсатига аралашмасликка чақирди
18:05 / 20.12.2024
Садир Жапаров: Қирғизистонда тежалган ҳар бир литр сув қўшниларимизга ёрдамдир
17:37 / 20.12.2024