«РФ президентини сайлаш тўғрисида»ги қонунга кўра, бир шахс Россияда икки мартадан ортиқ президент бўлиши мумкин эмас.

Аммо бу қоида Путинга алоқадор эмас - ушбу чеклов Конституциядаги тузатишлар кучга киргунига қадар давлат раҳбари бўлиб ишлаганларга нисбатан қўлланмайди. Шу тариқа, Путиннинг президентлик қилган муддатлари «нолга» тенглашади, бу эса унга президентлик сайловларида яна номзод сифатида қатнашиш имконини беради.

Путин 2000, 2004, 2012 ва 2018 йилларда президентликка сайланганди. Энди у 2024 ва 2030 йилларда ҳам сайловда иштирок этиши мумкин. 2008-2012 йилларда Дмитрий Медведев президент бўлганида президентлик муддатини 4 йилдан 6 йилга оширишни таклиф қилган ва бу ўзгариш амалга ошганди.

Медведевнинг ўзига бу ўзгариш тааллуқли бўлмаган, чунки у 2012 йилда президентликни якунлаганди.

Путин Кремлга қайтгач, Медведев ҳукумат раҳбарига айланган, 2020 йил бошида, Путин Конституцияга ўзгартиришлар киритиш ғояси ҳақида эълон қилганида Медведев истеъфога чиққанди.

«Ноллаштириш» ҳақидаги тузатиш
2020 йил 10 март куни Давлат думаси йиғилиши чоғида депутат Валентина Терешкова кутилмаганда Путин учун президентлик муддатини «нол» қилишни таклиф қилганди. Ўша вақтдаги қонунчилик Путин янги муддат учун сайловда қатнашишига имкон бермасди.

Путин эса зудлик билан Думага етиб келган ва Конституциявий суд маъқулласа ва сайловчилар референдумда Конституцияга ўзгартиришлар киритишни ёқлаб овоз берса, ўз муддати ноллаштирилишига рози бўлишини айтади.

Конституциявий судда бунга қаршилик билдирувчилар топилмаган, референдумда ҳам кутилган натижага эришилганди - коронавирус пандемияси туфайли овоз бериш 2020 йил апрелида эмас, эпидемиологик вазият бироз барқарорлашганида, 2020 йил 25 июнидан 1 июлигача бўлган муддатда ўтказилган, натижаларга кўра, фуқароларнинг 78 фоизи асосий қонуннинг янги таҳририни қўллаб-қувватлагани маълум бўлганди.