Термиз шаҳар прокурори мактаб ўқувчисининг зўрлангани ҳолати бўйича жиноят иши очишни рад этиш тўғрисидаги шаҳар ИИБ қарорини бекор қилди.
Сурхондарё вилояти прокуратураси ахборотига кўра, қарор 5 апрел куни бекор қилинган ва қўшимча терговга қадар текширув ўтказиш учун Термиз шаҳар ИИБ Тергов гуруҳига юборилган.
Ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ҳам баёнот берди.
Департамент маълумотига кўра, Термиз шаҳрида яшовчи фуқаро Р.С. Термиз шаҳри бўйича ИИО ФМБ 1-сонли ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб (ариза қачон берилгани хабарда очиқланмаган), қизи 2003 йилда туғилган С.Ч.ни олдиндан таниши бўлган 1994 йилда туғилган Б.Э. исмли йигит 2020 йилнинг январ ойида Термиз шаҳридаги рестораннинг қоровулхонасида зўрлаб, номусига текканини маълум қилган ва унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Экспертизанинг 2020 йил 18 мартдаги хулосасида қизнинг баданида жароҳат излари аниқланмагани, қизлик пардасининг анатомик бутунлиги бузилгани, лекин ҳодиса анча олдин бўлгани сабабли бузилиш муддатини аниқлашнинг имконияти йўқлиги кўрсатилган.
«Бундан ташқари С.Ч.дан олинган кийимлар бўйича суд-биологик ва суд-криминалистик экспертизалар тайинланиб, процесс иштирокчилари томонидан тақдим қилинган барча ашёвий далил тариқасида баҳоланиши мумкин бўлган нарсалар олиниб, терговга қадар текширув материалларига қўшилган.
Терговга қадар текширув жараёнида бир қатор тергов ҳаракатлари амалга оширилиб, ишга алоқадор фуқаролардан тушунтириш хатлари олинган. Бундан ташқари, мазкур ҳолат доирасида суд-психология ҳамда суд-психиатрия экспертизалари тайинланиб, хулосалари иш материалларига қўшилган.
Мазкур ҳолат юзасидан 16.03.2021 йилда фуқаро Б.Э.нинг ҳаракатларида жиноят таркиби мавжуд бўлмагани асоси билан ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган», – дейилади ИИВ Тергов департаменти ахборотида.
Бу қарорни 5 апрел куни прокуратура бекор қилгач, 6 апрелда Термиз шаҳри бўйича ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан судга оид қайта комиссион тиббий экспертиза тайинланиб, тўпланган ҳужжатлар ССВнинг Республика суд-тиббиёт экспертиза илмий-амалий марказига юборилган.










