Ўзбекистон | 12:53 / 13.04.2021
12226
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда Мустақиллик ва Паркент кўчаларини туташтирувчи йўл фойдаланишга топширилди

Тошкент шаҳрида Мустақиллик – Паркент кўчалари кесишмасида яшил ҳудуд ҳисобидан янги йўл очилди. Бу ҳақда Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Мирзо Улуғбек туманидаги Мустақиллик ва Паркент кўчаларини туташтирувчи йўл (эски Пушкин чорраҳаси) фойдаланишга топширилди. 

“Ушбу йўлда автоуловлар учун бир қанча қулайликлар яратилган. Хусусан, пиёдалар йўлаги ва йўлдан ўтиш йўлаклари, автоуловларни тартибга солувчи светофор ва ёритиш чироқлари ўрнатилди”, дейилади маълумотда.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг Тошкент шаҳрида йўл-транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва янги йўллар қуришга оид топшириғига асосан, Транспорт вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ва “Kalyon ulastirma” компанияси билан ҳамкорликда уч босқичда ишлар амалга оширилиши кўзда тутилган.

Биринчи босқичда Тошкент шаҳридаги 3та кўчада тез муддатда янги ўтиш жойларини очиш ва йўлни кенгайтириш ишлари амалга оширилади. Булар: Себзор кўчаси бўйлаб Абдулла Қодирий кўчаси кесишмасидаги йўл ўтказгичдан тушгандан сўнг, Зулфияхоним кўчасига ўтиш учун асосий қатнов қисмидан маҳаллий йўлга янги ўтиш жойини очиш; Тошкент ҳалқа автомобил йўлининг 11-километрида (“Тўсин бозор” қаршисида) 250 метр масофада йўлни кенгайтириш; Ал-Хоразмий – Катта Қаъни кўчалари чорраҳасида айланма ҳаракатни ташкил этиш.

Иккинчи босқичда Тошкент шаҳридаги 3та кўчанинг транспорт ўтказиш қобилиятини ошириш бўйича тадбирларни ҳаётга татбиқ этиш режалаштирилган. Булар: Чоштепа - Янги Сергели кўчалари кесишмасида ўтказувчанликни ошириш мақсадида, кесишмани кенгайтириш (параметрларини ўзгартириш); Тошкент ҳалқа автомобил йўли – Самарбону кўчалари кесишмасида маҳаллий йўлни кенгайтириш ҳисобига ўтказувчанликни ошириш; Мустақиллик – Паркент кўчалари кесишмасида яшил ҳудуд ҳисобидан янги йўл очиш режалаштирилган.

Учинчи босқичда Тошкент шаҳридаги 6та кўчада транспорт оқими ўрганилиб, таҳлил натижаларидан келиб чиққан ҳолда бир қатор тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган. Булар: Юнусобод туманидаги Қорақамиш кўчасини Тошкент ҳалқа автомобил йўли билан боғлаш учун янги йўл қуриш; Муқимий – Лутфий - Сеул - Нурафшон кўчалари кесишмаси параметрларини ўзгартириш йўли билан ўтказувчанликни ошириш; Тошкент ҳалқа автомобил йўли - Амир Темур кўчалари кесишмасида айланма ҳаракатли чорраҳани оддий чорраҳа турига ўтказиш йўли билан ўтказувчанликни ошириш; Шота Руставели – Миробод - Шаҳрисабз кўчалари кесишмасида айланма ҳаракатли чорраҳани оддий чорраҳа турига ўтказиш йўли билан ўтказувчанликни ошириш; Кичик ҳалқа автомобил йўли бўйлаб “Crafers” корхонаси қаршисида янги қайрилиб олиш жойини очиш; Сеул – Новза – Бунёдкор кўчалари кесишмасида канал устидаги кўприкни кенгайтириш ҳисобига кесишма ўтказувчанлигини ошириш режалаштирилган.

Мавзуга оид