Марказий Осиё Рус империяси учун пахта манбасига айланганди.

2019 йилда Буюк Британиянинг Манчестер университети нашриётида «1916 йилги Марказий Осиё қўзғолони: Уруш ва инқилоблар даврида империянинг қулаши» номли китоб чоп этилган эди.

Бу қўзғолон Марказий Осиёда яшовчи ўзбек, тожик, қирғиз, қозоқ ва бошқа халқларнинг рус истилочиларига қарши энг йирик исёни сифатида қолган. Инглиз тадқиқотчилари китобида қўзғолоннинг турли жиҳатлари таҳлил қилинади. Бу охирги 60 йил ичида шу мавзуда инглиз тилида чоп этилган биринчи тўплам ҳисобланади.

BBC ўзбек хизмати китоб муаллифи ва муҳаррирларидан бири франциялик олима Клое Дрию билан суҳбат қилди.

— 1916 йилги Марказий Осиё қўзғолони ҳақида кўп китоб ёзилмаган, ёзилганларига ҳам анча вақт бўлган. Сиз ва ҳамкасбларингиз ёзган бу китоб аввалгиларидан нимаси билан фарқ қилади, қандай янги топилмалар бор унда?

— 1916 йилги Марказий Осиё қўзғолонини таҳлил қилган илк китобни Александр Сокол 1950-йилларда чоп қилган. Демак, унинг чиққанидан бери анча вақт ўтди. Соколнинг китоби ҳам анча яхши, у 1916 йилги қўзғолон сабабларини таҳлил қилган. Аммо, Совет Иттифоқининг илк йилларида ва кейинроқ 50-йиллар ва ундан кейин бу мавзу жуда сиёсийлаштирилган эди. 1930-йиллардан кейин бу қўзғолонни тадқиқ қилувчи бошқа китоблар чиқарилмай қўйганди. Чиққанларининг ҳам аксари архив материаллари тўпламлари бўлган. Яъни у асосан хом материал эди ва уни таҳлил қилиш жуда қийин, чунки жуда кўп турли мавзуларни ўз ичига олган. Агар тарихчи бўлмасангиз, бу маълумотлар билан ишлаш осонмас. Биз нашр этган китобимизга эса кўплаб тарихчиларни жалб қилдик, унга Александр Моррисон, Аминат Чокобаева ва мен муҳаррирлик қилдик, ва яна 10дан ошиқ муаллифлар мақолаларини қўшдик. Улар дунёнинг турли бурчакларидан – Ўзбекистон, Қирғизистон, Германия, Франция, Британия ва бошқа жойлардан.

Биз китобда ҳам ўтроқ ва ҳам кўчманчи ҳудудлардаги қўзғолонларнинг турли тафсилотлари ҳақида фикрлар билдирганмиз.