Ўзбекистонда «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Kun.uz қонундаги янгиликлар юзасидан Молия вазирлиги бошқарма бошлиғи Сарвар Назаров ва вазирлик бошқарма бошлиғи ўринбосари Жасур Умаров билан интервью ташкил этди.

— Дастлаб қонунни янги таҳрирда қабул қилишнинг зарурияти ҳақида гаплашсак. Аввалги қонун бундан 3 йил илгари қабул қилинганди. Давлат харидлари тизимидаги қонунчиликни янгилашга нима сабаб бўлди?

Сарвар Назаров: — Қонунни ишлаб чиқиш президент фармони билан амалга оширилди. Бу вазифа Молия вазирлигига юклатилганди. Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, шу билан бирга, хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда ишчи гуруҳ ташкил қилдик. Ҳужжатнинг янги таҳририни тайёрлашда давлат харидларида иштирок этадиган вазирлик ва идоралар вакиллари ҳам қатнашди.

Бундан 3 йил олдин қабул қилинган қонун норматив ҳужжатларни бирлаштиришга қаратилганди. Лекин иқтисодиёт ривожланиши, шаффофлик оширилишига бўлган талаб ва ахборот технологиялари ўрни ўзгариб бораётгани натижасида бугунги замонда давлат харидлари тўғрисидаги қонунни янгилашга эҳтиёж туғилди.

Бунда асосий ўзгаришлар ахборот технологияларини ривожлантириш ва коррупциянинг олдини олишга қаратилди.

Давлат буюртмачиларининг (бюджет ва корпоратив ташкилотлар) давлат харидлари тизимида харидларни соддалаштирилган тартибда амалга оширишларига урғу берилди. Уларга осонроқ ва тезроқ харид қилиш учун имконият яратилди. Қонунга 50 фоиздан зиёд ўзгартиришлар киритилди.

Бевосита қонундаги асосий ўзгаришларга тўхталсак. Ҳужжатга нима ўзгартиришлар ва янгиликлар киритилди?

Жасур Умаров: — Янги қонун 12та боб, 85та моддадан иборат. Ҳужжатда давлат буюртмачилари ва тадбиркорлик субъектлари учун кенг имкониятлар яратилган.

2020 йилда 124 трлн сўмдан кўп давлат харидлари амалга оширилган бўлса, шунинг 30 фоизи стратегик аҳамиятга эга корхоналар улушига тўғри келади. Янги таҳрирдаги қонун билан стратегик аҳамиятга эга корхоналар ҳам давлат харидлари тўғрисидаги қонун талаблари билан харидларни амалга ошириши кўзда тутилган.

Уставида давлат улуши 50 фоиздан кўп бўлган ҳамда давлат корхоналари ва давлат улуши 50 фоиздан кўп бўлган корхоналар улушининг йиғиндиси 50 фоиздан ортиқ бўлган юридик шахслар корпоратив буюртмачилар рўйхатига киритилмоқда.