Қамоқхоналарда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг турли сабаблар туфайли вафот этгани ҳақидаги гап сўзлар аҳён-аҳён қулоғимизга чалиниб туради. Бугун биз тўхталмоқчи бўлган воқеа ҳам бир маҳкумнинг қамоқхонада ўлим топгани билан боғлиқ. Аммо бу ўлим ҳодисасининг бироз сирли экани диққатимизни тортди.
Kun.uz таҳририятига чустлик Меҳрихон Ботированинг мурожаати келиб тушди. Унда айтилишича, содир этган оғир жинояти учун бундан 5 йил муқаддам озодликдан маҳрум этилган, эндигина 30 ёшни қаршилаган ўғли Шуҳрат Аъзамов шу йилнинг 26 март куни жазо муддатини ўтаётган Қарши шаҳри Шайхалиқўрғони қамоқхонасида вафот этган.
Муассаса маъмурияти ўлим сабабини «ўз жонига қасд қилиш» деб кўрсатган. Аммо изтироблар ичида яшаётган она фарзандининг ўз жонига қасд қилганига ишонмаяпти.
Шуҳрат Аъзамов ўлимидан икки кун аввал онасига нотаниш рақамдан, номаълум шахс орқали қўнғироқ қилади. Онанинг сўзларига кўра, ўғлини боғлаб берган шахснинг бироз тили чучукроқ, гапига тўлиқ тушуниб бўлмайдиган ҳолда гапирган.

«Гапига тушунмадим. Кимлигини сўраганимда Шуҳратнинг онасими деди, ҳа, деганимдан сўнг ўғлимга берди», – дейди аёл. Унинг айтишича, ўғли ундан ҳол-аҳвол сўраб, соғинганини айтган.
«Дадаси ўтиб қолгандан кейин менга роса суяниб қолганди. Ўғлимдан аҳволини сўрадим, тузукмисан, бошинг оғримаяптими дедим. Яхшиман, ҳеч қаерим оғримаяпти, ая, деди. Эртага борайми десам, келганингиз билан киритмайди деди. Ўзингизни эҳтиёт қилинг дея телефонни қўйди», – дея сўнгги сўзлашувни хотирлайди Меҳрихон Ботирова.
Меҳрихон Ботирова шундан кейин фарзанди билан бошқа гаплашмаган. Орадан икки кун ўтиб яна телефон бўлади. Қамоқхонадан келган қўнғироққа онахон эмас, катта ўғли жавоб беради. Телефон қилган шахс Шуҳратнинг соғлиги ёмонлашгани, тезроқ келишини ва онасини олиб келмасликни тайинлайди.
«Кўнглим бир нарса бўлганини сезди. Борсак, ўғлимни олиб кириб кетишди. Мен бошлиқнинг хонасига кириб ўтирдим. Улар мени сўроқ қилишди, оилам, улар ким, қаерда ишлайди, деб бирма-бир 2 соат давомида сўрайверишди. Мен боламни кўрай десам, олиб ўтираверишди», – дейди Меҳрихон Ботирова.
















