Халқаро диний эркинлик масалалари бўйича АҚШ комиссияси (USCIRF) дунё миқёсидаги диний эркинлик таҳлилига доир навбатдаги йиллик ҳисоботини эълон қилди.

Ҳисоботда комиссия АҚШ ҳукуматига Ўзбекистонни диний эркинлик бўйича «махсус кузатув остидаги» давлатлар рўйхатига қўшишни тавсия қилган.

Давлат департаменти 2020 йил декабрда Ўзбекистонни бу рўйхатдан чиқарган эди. 2018 йил декабрда эса Ўзбекистон диний эркинлик бўйича вазият «алоҳида хавотирга молик» мамлакатлар рўйхатидан чиққанди.

Диний эркинлик «алоҳида хавотирга молик» деб ҳисоблаш тавсия этилаётган давлатлар қизил, «махсус кузатув остида» бўлиши лозимлиги қайд этилаётган давлатлар сариқ рангда.

Асосий эътироз – қонунчиликка

USCIRF'нинг янги ҳисоботида қайд этилишича, 2020 йилда Ўзбекистондаги диний эркинлик бўйича вазият ижобий томонга ўзгаришда давом этган.

«Йил давомида ҳукумат камида 8 та исломий бўлмаган диний ташкилотни рўйхатга олди, болаларнинг масжидга боришига қўйилган норасмий тақиқ амалда олиб ташланди, Тошкентдаги синагог бузилишдан сақлаб қолинди, айрим диний маҳбуслар озод этилди», – дейилади АҚШ комиссияси хулосасида.

Бироқ, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси, USCIRF ҳисоботига кўра, халқаро стандартларга мос келмайди. Жумладан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Европа Кенгашининг Венеция комиссияси қонун лойиҳаси билан танишиб чиқиб, унга танқидий хулоса берган.