Жамият | 17:13 / 02.05.2021
3031
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда қалбаки ПЗР-тест натижаларини сотаётган хусусий клиника раҳбари қўлга олинди

Қашқадарё вилояти Қарши туманида қалбаки ПЗР-тест натижаларини сотаётган хусусий клиника раҳбари қўлга олинган. Бу ҳақда ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 26 апрел куни Қашқадарё вилояти ИИБ Транспортда ХТБ тезкор ходимлари томонидан капитан А.Т. шартли мижоз сифатида вилоят Санитария эпидемиология станцияси лабораториясида катта ҳамшира бўлиб ишловчи Қарши тумани Шилви қишлоғида яшовчи, 1976 йилда туғилган Н.С. билан алоқага киришган. Сўнг, ҳар бир тест натижаси учун 195 минг сўмдан пул тўлаш учун келишиб, ҳамширага 1985 йилда туғилган Қ.Э., 1991 йилда туғилган Ж.Э. ва А.Ф.ларга тегишли бўлган 3 та паспорт нусхасини «Телеграмм» орқали юборган.

27 апрель куни эрталаб соат 08:00 лар атрофида Қарши шаҳар И.Каримов кўчасида жойлашган «Мурод мед стар» хусусий тиббиёт клиникаси ёнида ушбу клиникада ишловчи, Косон тумани Ушоқтепа қишлоғида яшовчи, 1994 йилда туғилган Б.Ш. келишилган шахсларнинг номига расмийлаштирилган 3 та ПЗР-тест бланкаларини катта ҳамшира Н.С.га бераётган вақтда қўлга олинган.

Қайд этилишича, тезкор тадбир давомида Н.С. нинг ёнидан 3 дона ПЗР-тест маълумотномаси ҳамда тадбирга ажратилган 150 минг сўм пул олинган. «Мурод мед-стар» хусусий клиникаси раҳбари Н.М. ўз ихтиёри билан ИИБ ходимларига 450 минг сўм пулни қайтариб берган ва улар ҳам далилий ашё сифатида олинган. Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид