Журналист, шоир, таржимон ва медиа ҳуқуқи мутахассиси Карим Баҳриев дунёнинг турли мамлакатларида давлат тили қоидаларини бузишга қандай жазо белгилангани юзасидан фикрларини билдирди.

Ижодкор ўз Facebook саҳифасида эълон қилган маълумотларни айни кунларда парламент қуйи палатасида кўрилаётган «Давлат тили ҳақида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамаларида турли важлар билан ўзбек тили ривожига қарши бўлаётган айрим депутатларга билдириш сифатида ҳам қабул қилиш мумкин.

Шунингдек, мақола тил масаласининг аҳамияти нақадар юқори эканини тушуниб етмай (балки билими етмай), овоз бериш жараёнида бетараф қолаётган «уйқудаги» депутатларни ҳам уйғонишга даъват қилади.

Дунё мамлакатларида давлат тили қоидаларини бузишга қандай жазо берилади?

Рoccия

«Давлат тили тўғрисида»ги Россия Федерал қонунига кўра, мулкчилик шаклидан қатъи назар, Россия ҳудудида фаолият юритувчи ҳар қандай ташкилот давлат тили (рус тили)да иш юритиши, ташкилотни номлашда ҳам давлат тилидан фойдаланиши белгиланган. Россияда 190дан ортиқ миллат ва элат яшайди. Қонунни бузиш тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.

Германия

«Маъмурий амалиётлар тўғрисида»ги қонунга кўра, маъмурий амалиётлар учун расмий тил сифатида немис тили белгиланган. Агар масъул идорага немис тилидан бошқа тилда мурожаат қилинса, орган дарҳол унинг немис тилига таржимасини талаб қилиши керак. Немис тилидан бошқа тилда мурожаатлар кўриб чиқилмайди.

Ирландия

Давлат тили сифатида ирланд ва инглиз тили қабул қилинган. Давлат органларида давлат тиллари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинаётганини текшириш бўйича алоҳида орган мавжуд. Агар давлат органи ушбу ташкилотга ҳужжатларни тақдим қилмаса, улар билан ҳамкорлик қилмаса, ушбу орган мансабдор шахси учун 2000 еврогача жарима ёки 6 ой қамоқ жазоси белгиланган. Бу текширувлар натижасида тил тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилгани аниқланса, давлат органи мансабдор шахси жавобгарликка тортилиши мумкин.

Франция

Конституцияда фақат француз тили давлат тили деб белгиланган. Тубон қонунига кўра, давлат ташкилотлари томонидан иш юритиш истисносиз француз тилида олиб борилади, терминларнинг французча муқобили турганда, инглизчаси ёки бошқа тилдагисини ишлатиш тақиқланади. Франция аҳолисининг 51 фоизи француз тилидан бошқа тилда гаплашади. Қонун талабларига риоя қилмаганлик жисмоний шахсга 700 евро, юридик шахсга 3750 евро жарима солинишига сабаб бўлади, бошқа тилда пешлавҳаси ёки ёрлиғи ёзилган мулк мусодара қилиниши ҳам мумкин.