Иқтисодиёт | 18:52 / 05.05.2021
12353
3 дақиқада ўқилади

«Иқтисодий ўсиш одамлар ҳаётида акс этмаса, фақат рақамлардан иборат бўлиб қолади» — Нодирбек Очилов

Марказий банк пул-кредит сиёсати департаменти директори Нодирбек Очилов Kun.uz мухбири билан суҳбатда инклюзив иқтисодий ўсишнинг аҳоли ҳаётидаги ўрни ҳақида сўз юритди.

Очиловнинг айтишича, фақат номинал кўрсаткичлар эмас, реал кўрсаткичларни ўзгартира оладиган иқтисодий ўсишга эришиш – Марказий банк олдидаги муҳим вазифалардан.

«Иқтисодий ўсиш одамлар ҳаётида акс этмаса ёки аҳоли даромадларининг ўсишига, харид қобилиятини сақлаб қолишга ва турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмаса, фақат рақамлардан иборат бўлиб қолади.

Шу нуқтайи назардан, инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш – бизнинг асосий мақсадимиз. Яъни иқтисодий ўсиш билан биргаликда аҳоли турмуш даражаси, даромадлари ва харид қобилияти ҳам ошиб бориши керак.

Пулни исталганча чиқариш мумкин, кўп хорижий экспертлар буни вертолётдан пул сочиш дейишади. Пулни иқтисодиётга қўйиш мумкин, лекин иқтисодиётнинг бу пулни ҳазм қила олиш қобилияти, молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятини инобатга олган ҳолда бўлиши мақсадга мувофиқ», – деди у.

Нодирбек Очиловнинг айтишича, харид қобилиятининг сақлаб қолиниши инфляциянинг паст бўлиши билан боғлиқ.

«Инфляция пасайган шароитда инвесторларнинг мамлакатга ишончи юқори бўлади. Макроиқтисодий барқарорлик бўлган жойда иқтисодий ўсишга фундаментал асослар яратилади.

Тасаввур қилинг, сиз тадбиркорсиз, ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчисиз. Ишчи кучи жалб қиласиз ёки маблағингизни бирор лойиҳага тикмоқчисиз. Сиз учун энг муҳим нарса – келажакдаги нархлар қандай даражада бўлиши.

Албатта, сиз агар келажакда ноаниқликлар бўлса ёки 2-3 йилдан кейин вазият қандай бўлишини баҳолай олмасангиз, пул тикишга ҳам қийналасиз ёки бу жараёнда сизга жуда катта тўсиқлар юзага келиши мумкин. Яъни келажакни кўра олмаслик, макроиқтисодий беқарорлик мавжудлиги инвестор ва тадбиркор учун эртанги кунга бўлган ишончни камайтиради.

Эртанги кунга ишонч камайиши инвестициялар камайишига, ишлаб чиқариш пасайишига олиб келади. Бунинг инвестицион барқарорликка ҳам таъсири бор», – деди МБ департаменти директори.

Аввалроқ, 2021 йилнинг март ойида йиллик инфляция суръати 10,9 фоизга тушгани хабар қилинганди.

2021 йилда Ўзбекистонда инфляция даражаси 9–10 фоиз бўлиши прогноз қилинган.

Регулятор 2023 йил охирига бориб мамлакатда инфляция даражасини 5 фоизга туширишни мўлжал қилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид