Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Алишер Мақсудовнинг рухсатномаси билан «Қизил китоб»га киритилган қўнғир айиқ Тошкент вилояти ҳудудида россиялик овчи томонидан ўлдирилиши жамоатчиликнинг кескин эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Жумладан, оммавий мулоқот тармоқларининг кўплаб фойдаланувчилари Алишер Мақсудовнинг қўмита раислигидан истеъфо беришини сўрамоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ҳам ҳодиса юзасидан муносабат билдирди.
У лавозимга қўйилишида экологияни сақлашга ҳисса қўшишига ишонч билдирилган Алишер Мақсудовдан экологиянинг ўзини асраш керак бўлаётганини таъкидлаб ўтган.
«Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси «Қизил китоб»га киритилган қўнғир айиқни отишга рухсат берди.
Фаолларнинг бидиришича, Қўмита раисининг имзоси билан 2 дона Ўзбекистон Республикаси «Қизил китоби»га киритилган Тяньшан қўнғир айиғини отишга Россия Федерация фуқароси Широковга рухсатнома берилган.
Мазкур рухсатнома экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Бўстонлиқ туман инспекциясида №4-сон билан 2021 йил 31 март куни рўйхатга олинган.
Овчи, Россия Федерация фуқароси Широков эса Бўстонлиқ туманида 1 дона қўнғир айиқни отиб, у билан ваҳшийларча суратга тушган.(Унинг яна битта Тяньшан қўнғир айиғини отишга рухсатномаси бор).
Мазкур турдаги айиқлар атиги 150 дона атрофида қолганди. Бу кетишда бирортаси қолмайди.
Экология қўмитасининг вазифаси ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсини асрашдан иборат. Лекин бу иш ҳаммасининг аксини кўрсатяпти. Қўмита раҳбарининг ўзи ашаддий браконьер ва браконьерликни қўллаб-қувватлайдиган шахс кўринади.
Афсус бу кишини Қонунчилик палатасида ушбу лавозимга тасдиқлашда экологияни сақлашга ҳисса қўшса керак, деган фикр бор эди. Энди эса экологияни у кишининг ўзидан асраш керак бўляпти.
Бу масалада парламент назорати керак назаримизда. Қўмита раиси тушунтириш бериши лозим.
Бизда экологияни асраш борасидаги хавотирлар ортиб бормоқда. Саволлар кўп», – деб ёзди депутат.
















