Марғилон шаҳрида вояга етмаган фуқаро ўзганинг автомобилидан 5 300 доллар ва 1 000 000 сўм пулларни ўғирлаб воқеа жойидан яширинган. Бу ҳақда Фарғона вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.
Хабарга кўра, жорий йилнинг 8 май куни Марғилон шаҳар, «Наврўз» МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро Х.С. ИИБга мурожаат қилиб, унда номаълум шахс яшаш хонадони олдида эшиклари қулфланмаган ҳолда қаровсиз қолдирилган «Gentra» русумли автомашинаси салонидан 5 300 АҚШ доллари ва 1 000 000 сўм пулларини яширин равишда талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинганини билдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан Марғилон шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Шаҳар ички ишлар бўлими ходимлари томонидан олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни вояга етмаган П.С. содир этгани аниқланиб, у процессуал тартибда ушланган.














