Бензин нархи кўтарилди

Аи-80 маркали автомобил бензини нархи икки ҳафта ичида ўртача 4,3 фоизга кўтарилди. Бу тоифа бензиннинг бир литри 5800 сўмдан сотила бошланди.

Нарх ошиши жаҳон бозорида пандемиядан кейин ялпи талаб тикланаётгани, бунинг ортидан нефт нархи ошиши билан изоҳланади.

Пахта ёғи арзонлади

Биржада кластерлар пахта чигитининг бошланғич нархларини тушириши натижасида пахта ёғининг бошланғич қиймати ва биржадаги нархлари ҳам пасайди.

Хусусан, ўтган ҳафта пахта ёғининг бошланғич нархи ўртача – 5,3 фоизга, биржа савдолари натижасида шаклланган нархи эса мос тарзда – 11,3 фоизга арзонлади.

Ҳафта бошида 9 та вилоятда ўсимлик ёғи нархи пасайгани, аммо Тошкентда нарх ўсишда давом этгани маълум қилинди. Аксилмонопол қўмита 34 та кластерни ўзаро келишган ҳолда биржада чигит нархини сунъий оширганликда гумонлаб, иш очган.

Уй-жойга бўлган талаб 2,5 фоизга ошди, аммо уйлар қимматлаши кутилмаяпти

2021 йил апрел ойида Ўзбекистонда кўчмас мулкка бўлган талаб март ойига нисбатан 2,5 фоизга ошди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотига кўра, уй-жой нархлари ошиши кутилмаяпти. Чунки ҳукумат томонидан уй-жойлар квадрат метрининг нархи 4 млн сўмдан ошмаслигини таъминлаш вазифаси қўйилган. Хусусан, бунга арзон қурилиш материаллари билан таъминлашни йўлга қўйиш орқали эришиш режалаштирилган.

Шубҳали корхоналар сони 96тага кўпайди

ДСҚ солиқ текширувларининг тўртинчи босқичида яна 96та корхонани «шубҳали» деб топди. Унди уларнинг сони 667тага етди.