Самарқандда меъёридан ортиқ юк ортган юк машинаси ағдарилиб кетган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, бугун 18 май куни соат 09:00ларда М37 Самарқанд — Бухоро — Туркманбоши халқаро автомобиль йўлида, Бухоро — Тошкент йўналишида ҳаракатланиб келаётган, Бухоро вилояти Шофиркон туманида яшовчи Қ.Ш. бошқарувидаги МАN юк автомашинаси Самарқанд вилояти Штаб ЙПХ чорраҳаси яқинида бошқарувни йўқотиши оқибатида ағдарилиб кетган.

Аниқланишича, ушбу йўл-транспорт ҳодисасига юк машинаси меъёридан ортиқ юк билан ҳаракатлангани сабаб бўлган. Ҳодиса оқибатида жароҳат олганлар йўқ.