Улар ўзларига тегишли реклама қурилмаларига қонунга кўра ўз мулкларини фақат суд қарори асосида бузиб ташланиши ҳақидаги эслатмани ёзиб чиқишди.
«Ушбу реклама қурилмаси фақат суд қарори асосида демонтаж қилиниши (бузилиши) мумкин. Асос: Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги 104-сонли қарори. Ҳурматли президентимиз бизга ёрдам беринг» – дейилади шаҳар бўйлаб илинган баннерларда.
Тадбиркорларнинг Kun.uz’га маълум қилишича, кеча 19 май куни Сергели тумани бўйлаб 5 дона ана шундай баннер илиб чиқилган, лекин улар ўша куниёқ ободонлаштириш бошқармаси томонидан демонтаж қилиб юборилган.

Тадбиркорлар бугун Тошкент шаҳри бўйлаб яна 30 та худди шундай баннерни илиб чиқишган. Улар ўзларининг мулк ҳуқуқи бузилаётгани ҳақидаги хабарлар президентга етиб боришидан ва ҳеч бир ташкилот эътибор қилмаётган бу қонунбузарликлар тўхташидан умидвор.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда реклама билбордларига кенг миқёсли «снос» эълон қилиниши ортидан тадбиркорларнинг ташқи реклама объектлари маҳаллий ҳокимиятлар томонидан ҳеч қандай ҳужжатсиз бузиб ташланаётгани ҳақида мақола чоп этилганди.
Тошкентда юзлаб реклама баннерлари ҳеч қандай ҳуқуқий асос кўрсатилмасдан бузиб юборилмоқда
Мақолада пойтахтдаги ташқи реклама бизнеси эгаларининг ўзларига мулк ҳуқуқи билан тегишли бўлган, баҳоси 300 миллион сўмгача турадиган 200 дан ортиқ реклама конструкциялари номаълум сабабларга кўра бузиб ташланаётгани ёритилган.

Шунингдек, ушбу ҳаракатлардан жабр кўрган тадбиркорлар нима учун ўзларига тегишли ташқи реклама объектлари ноқонуний бузиб юборилмоқда деб ҳисоблаётганликларини айтишган.














