Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда маиший коррупция билан курашиляпти, элитар даражадаги коррупция-чи? — Акмал Бурҳонов билан интервью
Kun.uz ўтган бир неча ҳафта давомида коррупция, уни юзага келтирадиган омиллар ва бу иллатни имкон қадар камайтириш чоралари ҳақида мамлакатдаги қатор зиёлилар: ёзувчи, диний уламо ва жамиятшунос олимлар билан интервьюлар уюштирди.
Зиёлилар саволларимизга жавоб берар экан, ҳукуматни коррупцияга қарши айни пайтдаги кураши етарли эмаслигини таъкидлади ва уни кучайтириш бўйича қатор тавсиялар берди.
Хўш, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг бу борада фикрлари қандай?
Нега очилганига ҳали бир йил ҳам тўлмаган агентлик фаолиятига нисбатан жамиятда ишончсизлик пайдо бўла бошлади?
Коррупцияни камайтириш бўйича ҳукумат нима ишлар қилмоқда?
Агентлик раҳбари Акмал Бурҳонов Kun.uz мухбири билан интервьюда шу каби саволларга жавоб берди.
— Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилганига 1 йил тўляпти. Ўз вақтида ўзбек жамоатчилиги бу идорадан жуда катта ишларни кутганди, умид қилганди. Лекин тан олайлик, бугун мана шу умидлар сўниб бораётгандек.
Хўш, агентлик очилган пайтда сиз ўз олдингизга қандай вазифа ва мақсадларни қўйган эдингиз, ҳозир нималар ўзгарди?
— Албатта, бу катта муддат. Иккинчи томондан катта бир идорани оёққа турғизиб, унинг ҳуқуқий асосларини яратиш, натижа кўрсатиш маълум вақтни, зарур куч, воситаларни талаб қилади. Лекин бу баҳона бўлолмайди. Чунки иш бошлаган кунимиздан ойлик олиб келяпмиз. Натижа кўрсатишга ҳаракат қилинади.
Олдимизга қўйган мақсадлар билан умумий натижаларни тарозига қўйсак, натижаларимиздан 100 фоиз қониқмайман. Чунки одам ўз фаолиятига танқидий баҳо бермаса, ривожланмайди. Лекин айтадиган натижаларимиз ҳам бор.
Сиз одамларда агентликка нисбатан ишонч сусайгандек, дедингиз, бу фикрга мен бироз қўшилмайман. Энг катта натижа сифатида айтишим мумкинки, Ўзбекистонда коррупцияга қарши муросасиз муҳит шаклланди. Буни энг катта ўзгариш деган бўлардим.
Бундан бир, икки йил аввал ҳолат бундай эмасди. Ҳозир омма, жамоатчилик коррупцияни тушуняпти. Уни айта оляпти. Бу эса ҳам ҳуқуқий маданиятнинг ошгани, ҳам очиқлик сиёсати ва барча даражада коррупцияга қарши тоқатсиз муносабатда бўлинаётганидан далолат беради.
Яна шуни ҳам айтиш керакки, ўзбек жамиятида коррупция ҳолати биз ўйлагандан кўра анча ачинарли аҳволда экан. Элакни кўтарганда бу яққол кўзга ташланди, коррупциядан холи бирорта соҳа қолмаган экан.
Коррупциянинг энг катта омилларидан бири бу менталитет экан. Бу менталитетни йўқотмасак, у ёки бу даражада коррупциянинг олдини олиш қийин.
Европа давлатларида бу иллатга қарши қонун қоидалар билан эмас, кўпроқ таълим-тарбия билан курашилади. Бизда эса таълим-тарбиядан кўра, менталитет устун. Шу ҳам масала нақадар жиддий эканини кўрсатади.

— Ўтган бир йил давомида Ўзбекистонда коррупцияга қарши ҳукуматнинг курашини ва унинг натижадорлигини 10 баллик тизимда неча балл билан баҳолаган бўлардингиз?
— 11 ой давомида ҳукумат ва президент бошчилигида давлат идоралари томонидан қилинган ишларни қўрқмасдан 8 балл билан баҳолаган бўлардим.
Ирода бор. Президент ҳам ҳар бир йиғилишида, албатта, бу иллатга тўхталяпти.
Шунингдек, «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилингани ҳам катта ўзгариш бўлди.
Давлат хизматлари, лицензия ва рухсатномалар беришда инсон омили ҳам имкон қадар камайтириляпти. Масалан, ўтган бир йил давомида 30дан ортиқ лицензиялар тамоман бекор қилинди. Рухсат беришдаги 50дан ортиқ тартиблар соддалаштирилди.
—Мен биринчи саволда, одамларда коррупцияга қарши кураш бўйича ҳукуматга ишончсизлик бор, деб бежиз айтмадим. Сабаби Ўзбекистонда ҳозир коррупцияга қарши фақат маиший даражада курашиляпти. Бу даража нари борса, ҳоким ўринбосарини қамаш бўляпти. Элитар қатламдаги коррупцияга умуман тегинилаётгани йўқ.
— Статистикани олиб қарасак, ўтган 2020 йили содир этилган жиноятлар бўйича коррупциявий жиноятларнинг 90 фоиздан ортиғи туман, шаҳар даражасида содир этилган. Яъни маиший коррупциянинг салмоғи юқори. Лекин сиз айтганингиздек, ўша 10 фоиз ҳам 90 фоиздан ошиб кетиши мумкин.
Пастки қатламда у хоҳ 100 доллар, хоҳ 500 долларлик коррупция ҳолатларининг кўплиги ва у фош қилинаётгани одамларда коррупцияга қарши фақат пастда курашиляпти, деган фикрни уйғотиши мумкин.
Умуман, бугунги кундаги қилинаётган ўзгаришлар қайсидир қатлам учун эмас, балки ҳар қандай даражадаги давлат хизматчисига тааллуқли.
Бу билан қайсидир амалдорни оқламоқчимасман, чунки барибир юқори даражада коррупция аломатлари бор.
Энг асосийси, фуқаролар ҳокимиятнинг бирор мансабдори ушланса, албатта, ҳокимнинг ҳам хабари бўлган, дейишади. Шунинг учун ҳам биз ҳозир таклиф ишлаб чиқяпмизки, қайсидир соҳа, вазирлик ёки ҳокимиятда ҳуқуқбузарлик содир этилса, ўша давлат идораси раҳбари ҳам қайсидир даражада жавобгар бўлади.
— Сиз қонун барча учун баробар, жазо муқаррар, деяпсиз. Лекин яқинда Жиззах вилояти ҳокими бир қатор тендерларни оила аъзоларига олиб бергани, ёки Қурилиш вазирининг қариндошларига алоқадор компания 431 млрд. сўмлик давлат буюртмасини ўзига олгани аниқланганди.
Хўш, бу ҳолатларнинг якунини нега эшитмаяпмиз?
Шунингдек, ким кафолат беради бу каби ҳолатлар бошқа вазирда, бошқа ҳокимнинг фаолиятида учрамаётганига?
— Жазо муқаррарлигини таъминлаш бизнинг асосий шиоримиз ва вазифамиз. У ким ва қайси даражада бўлишидан қатъи назар.
Жиззах, Навоий, Хоразм, Андижон вилоятларидаги давлат харидлари бўйича қонунбузилишлари, манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари бўйича ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалгач, агентлик бу бўйича ўрганишларни бошлади. Тўртта вилоятдаги ўрганишлар бўйича 11та жиноят иши очилган. Ҳозир ўша жиноят ишлари бўйича айбдорлар аниқланиш жараёни давом этяпти.
Бизнинг ва халқаро ҳуқуқ нормалари бўйича ҳам айбсизлик презумпцияси бор. Биз бу жараёнларни кузатиб борамиз.
Одамларда шубҳа ҳам бўлмаслиги керакки, бу иш ёпилиб кетмайди ёки ёпиғлик қозон ёпиқлигича қолмайди.
Қурилиш вазирлиги бўйича ҳам биз ҳар бир тендер бўйича ўрганишларни бошлаганмиз. Бунга нима сабаб бўлгани, қаерда коррупцион ҳолат борлиги ҳолати ўрганиляпти.
Якунда жамоатчиликка ахборот берилади.

— Нега оддий одамларда жуда тез, ҳатто бир неча соатларда таъминланадиган жазо амалдорларга келганда ой ва ҳатто йилларга чўзилади?
— Бу жиноятнинг тури, аҳамиятига боғлиқ. Дейлик оддий ўғрилик ҳолатини аниқлаш осон. Ўғрилаган, гувоҳ бор. Лекин давлат хизматчилари ўзининг ҳаракати очилиб қолишини хоҳламайди. Бунинг учун у турли схемалардан фойдаланади. Бу эса маълум вақт талаб қилади. Бу одатий ҳолат. Хорижий давлатларда ҳам коррупцион жиноятларни аниқлаш йиллаб вақт талаб қилади.
— Бизда яқин-яқиндан бошлаб манфаатлар тўқнашуви ҳақида гапирила бошланди. Шу бўйича қонун қабул қилиш жараёни бошландими? Агар жараён бошланган бўлса, у амалиётда қандай қўлланилади?
— Жараённинг биринчи босқичи бошланган. Масалан, «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Унга кўра, давлат харидларини амалга оширишда афилланганлик ҳолати, яъни бир инсонга қарашли фирмалар тендерда қатнашиши мумкин эмаслиги тўғрисида нормалар киритилди.
Бу дастлабки қадамларимиз. Бизда афсуски, мисол келтирилган Қурилиш вазирлиги ва қатор вилоятлардаги ҳолатларда манфаатлар тўқнашуви юзага келган. Бизда бу ҳолатни тартибга соладиган қонун йўқ эди.
Биз ҳозир бу қонунни ишлаб чиқдик ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлик учун жавобгарлик, ҳатто жиноий жавобгарликни кўзда тутувчи таклифларни ишлаб чиқдик. У ҳозир президентда. Агар президент тасдиқласа, бу каби ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
— Охирги вақтларда фақат ҳоким ўринбосарлари пора билан қўлга тушаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Нима деб ўйлайсиз, бу ерда фигурантлар фақат ҳоким ўринбосарларими, занжирнинг кейинги халқаларида ҳокимлар ҳам бўлиши мумкин-ку.
— Бўлиши мумкин. Охирги вақтларда кўряпмизки, фақат ҳоким ўринбосарлари эмас, шарт-шароитни яратиб берган, ҳужжат, ноқонуний қарорлар чиқариб берган раҳбарларни ҳам кўришимиз мумкин.
Буни президент ҳам айтдики, охирги вақтларда ҳокимларнинг минглаб қарорлари ноқонуний деб топилган.
Ҳозир биз бу масала устида ишлаяпмиз. Яъни ноқонуний қарорларга ким жавоб беради? Топилгани топилди, топилмагани ўтиб кетаверадими? Эндиликда ноқонуний қарорлар учун ҳам масъулиятни ошириш масаласи кун тартибида турибди.
— Айрим маълумотларга кўра, яқинда вилоят ҳокимларидан бири коррупция жиноятини содир этгани учун терговга жалб қилинган.
— Бунда нафақат вилоят ҳокимлари, балки бошқа давлат хизматчилари ҳам терговга чақиртириладиган ҳолатлар бор. Улар билан у ёки бу ҳолат аниқлаштирилади. Бу каби ҳолатар мавжуд. Биринчи маротаба эмас.
Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Нуриддин Нурсаидов.
Мавзуга оид
12:19 / 15.05.2026
Порахўр ким? – Аксилкоррупция агентлиги коррупционернинг янги портретини тайёрлади
11:05 / 20.02.2026
Солиқ хизмати ходимларининг даромад ва харажатларини декларациялаш тизими ишлаб чиқилди
16:08 / 07.02.2026
2025 йилнинг энг коррупциявий ташкилотлари эълон қилинди
17:45 / 24.01.2026