11:54 / 26.05.2021
3790

Жорий йил саноат корхоналарида рўй берган бахтсиз ҳодисаларда 5 киши вафот этган

Жорий йил саноат корхона ва ташкилотларида жами 15та бахтсиз ҳодиса рўй берган. Унда 5та ўлим ҳолати қайд этилган.

25 май куни АОКАда Кўмир, кон-руда ва норуда соҳаларида саноат хавфсизлиги инспекцияси мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида соҳада амалга оширилаётган ишлар, саноат хавфсизлигини таъминлаш ва текширишлар бўйича маълумотлар берилди.

Маълум қилинишича, жорий йил бошидан Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси Кўмир, кон-руда ва норуда соҳаларида саноат хавфсизлиги инспекцияси ходимлари томонидан 5931та саноат хавфсизлиги ҳамда кончилик ишлари ва ер ости бойликларидан фойдаланиш талаблари бузилгани аниқланган.

«Хавфли ишлаб чиқариш объектларида авариялар ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида 12 ҳолатда хавфли ишлаб чиқариш объектларида ишлар вақтинча тўхтатиб қўйилди ва ишчилар бехатар жойга олиб чиқилган.

Корхона ва ташкилотларда жами 15та бахтсиз ҳодиса рўй берган. Улардан биттаси гуруҳий, 2таси енгил, 7таси оғир ва 5таси оқибати ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисалар», деди Кўмир, кон-руда ва норуда соҳаларида саноат хавфсизлиги инспекцияси бошлиғи Ҳикматилла Маюсупов.

Шунингдек, инспекция томонидан Kun.uz’га тақдим этилган маълумотга кўра, содир бўлган бахтсиз ҳодисалар Навоий ва Олмалиқ КМКлари ҳамда «Ўзбеккўмир» корхоналарида бўлган.

1. Содир бўлган бахтсиз ҳодисалар корхоналар кесимида:

а) Навоий кон металлургия комбинати (НКМК) — 8та бахтсиз ҳодиса рўй берган. Битта енгил, 3та оғир, 3та ўлим, битта гуруҳий.

б) Олмалиқ кон металлургия комбинати (ОКМК) — 4та бахтсиз ҳодиса рўй берган. Битта енгил, 3та оғир.

в) Ўзбеккўмир — 3та бахтсиз ҳодиса рўй берган. Битта оғир, 2та ўлим.

2) Содир бўлган бахтсиз ҳодисалар вилоятлар кесимида:

— Самарқанд: 1 (Самарқанд вилоятида Навоий КМК Жанубий кон бошқармаси)

— Навоий: 7

— Тошкент вилояти: 7

Содир бўлган бахтсиз ҳодисалар текшириш якунлари бўйича 9та ҳужжат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўриш учун тақдим этилган.

Top