25 май куни ўтказилган Олий Мажлис Сенати Кенгашининг мажлисида айрим бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалар маблағлари шакллантирилиши ва улардан фойдаланиш самарадорлигини ўрганиш натижаларига оид масала кўриб чиқилганди.
Сенат ахборот хизмати маълумотида 2019-2020 ўқув йили қабули тест синовларида иштирок этиш учун ариза берган абитуриентлардан 896,4 млн сўм ортиқча тўлов ундирилгани, 30 млрд сўм маблағ тижорат банклари депозитларига электрон саралаш тизимисиз тўғридан тўғри тузилган келишув асосида жойлаштирилгани, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун талабларига риоя қилмасдан 11,2 млрд сўмлик харидлар амалга оширилгани қайд этилган.
2019-2020 ўқув йили қабулида абитуриентлардан қарийб 900 млн сўм ортиқча тўлов ундирилган
Давлат тест маркази мазкур ҳолатлар юзасидан расмий баёнот билан чиқди. Абитуриентлардан ортиқча ундирилган тўлов бўйича маълум қилинишича, тест синовлари ташкил этилаётган ўқув йилидан аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатган абитуриентлардан (ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар бундан мустасно) тест синовларида иштирок этиши учун энг кам иш ҳақи ярим баравари миқдорида тўлов ундирилиши жорий этилган.
“2019-2020 ўқув йили қабулида олдинги йиллар битирувчиларидан тест синови учун тўлов ундириш биринчи марта жорий этилган бўлиб, мазкур йилда абитуриентлардан ҳужжатлар қабули олий таълим муассасалари қабул комиссиялари ва Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилган. Унда абитуриентлар ҳужжатларини топшириш учун олий таълим муассасалар қабул комиссиялари ёки Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилганда, улар томонидан тўловни амалга оширадиган тоифадаги абитуриентларга тўловни амалга ошириш учун квитанция шакллантириб берилган ва абитуриентлар тўловни амалга оширгандан сўнг ҳужжатларини топширган. Тўлов ундирилмайдиган тоифадаги абитуриентларнинг ҳужжатлари эса шу заҳоти қабул қилинган. Бунда тўловни амалга оширмайдиган абитуриентлар тоифалари ҳақидаги маълумотлар Давлат тест маркази томонидан олий таълим муассасалар қабул комиссиялари ва Давлат хизматлари марказларига етказилган ҳамда Давлат тест маркази телеграм-каналида эълон қилинган.
Шундай бўлса-да, тўловни амалга оширмайдиган абитуриентлар томонидан ҳужжатларни топшириш жараёнида тест синови учун тўловни амалга ошириш ҳолатлари кузатилган. Бунинг натижасида 896,4 млн сўм ортиқча тўлов амалга оширилган. Ўтган давр мобайнида абитуриентларнинг аризасига асосан ортиқча тўланган 156,3 млн сўм маблағ эгаларига қайтарилган. 2021 йилнинг 25 март ҳолатига ортиқча тўланган маблағ миқдори 740,1 млн сўмни ташкил этади. Қолган абитуриентлар тўловни қайтариш бўйича ариза билан мурожаат қилмаганликлари сабабли, Давлат тест марказида уларнинг тўловларини қайтариш имконияти бўлмаяпти.

















