Баёнотда янги қонун натижасида айниқса телерадиоканаллар миллиардлаб сўм йўқотиши мумкинлиги алоҳида таъкидланган.
«Реклама тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ўтган ой охирида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида концептуал жиҳатдан маъқулланган эди.
«Реклама тўғрисида»ги янги қонун ОАВ эркинлиги ва бизнес ривожига яна бир тўсиқ бўлиши мумкин
Қонун лойиҳасида товарларнинг такрорий рекламасини бир блокда жойлаштиришни тақиқлаш таклиф қилинмоқда. Бироқ, Масс-медиа фондининг билдиришича, бир маҳсулот учун рекламаларни битта реклама блокида жойлаштириш амалиёти бутун дунёда қўлланилади ва кўпинча бу амалиётга йирик халқаро реклама берувчилар (инвесторлар) мурожаат қилишади.
«Масалан, аксарият компаниялар бутун дунё бўйлаб имидж рекламасини ўтаказиш билан бир вақтнинг ўзида алоҳида бозор акцияларини фаоллаштириш учун ҳам реклама тарғиб қилади. Шу ўринда, реклама роликлари, уларнинг моҳияти ва мақсади ҳар хил бўлиши мумкин, аммо маҳсулот бир ва маркетинг стратегиясига кўра, уларни битта реклама блокига жойлаш мумкин», – дейилади расмий муносабатда.
Қонун лойиҳасида рекламанинг умумий ҳажми бир соатлик эфир вақтининг 15 фоизидан ва кунлик эфир вақтининг 10 фоизидан ошмаслиги кераклигини белгилаш таклиф қилинган. Бироқ, Масс-медиа фондининг қайд этишича, АҚШ, Япония ва Жанубий Корея каби кўплаб мамлакатлар телерадиоканалларида реклама вақти чекланмаган. Европа Иттифоқи, Марказий Осиё, Индонезия, Озарбойжон, Беларус каби бир қатор бошқа мамлакатларда эса реклама телерадиоканаллар кунлик эфир вақтининг 20-25 фоизидан ошмаслиги белгиланган.
«Қонунда унинг таъсир доираларини аниқлаш муҳим. Масалан, ОАВ сайлов олдидан номзодларнинг тарғибот ва бошқа турдаги реклама материалларини эфирга узатишга ва ўз саҳифаларида жойлашга мажбур бўлади. Бундай ҳолда, ушбу роликларнинг ҳажми реклама учун ажратилган умумий эфир вақтидан ҳисобланмаслиги керак.
Фонд 30 дақиқа давом этадиган телерадиодастурларда ОАВ таҳририятларига лойиҳада кўрсатилган 3 дақиқа ўрнига 5 дақиқалик реклама блокини жойлаштиришга рухсат берилиши керак, деб ҳисоблайди. Ишончимиз комилки, ҳеч бир ОАВ таҳририяти томошабинлар сонини йўқотиб, уларнинг қизиқишларига зарар келтирадиган реклама блокларини шакллантиришга йўл қўймайди», – дея қайд этилган фонд баёнотида.















