Ўзбекистон | 16:15 / 09.06.2021
4345
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қатар ўзаро авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришди

Бугун Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигида Қатар бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдулраҳмон бин Жосим Ол Сонийнинг мамлакатга расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Қатар ҳукуматлари ўртасида ҳаво қатнови тўғрисидаги битим имзоланди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Битим Ўзбекистон  номидан ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Қатар номидан ушбу давлат бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдулраҳмон бин Жосим Ол Соний томонидан имзоланди

Битим ҳаво қатновини ташкил этиш, авиакорхоналарни тайинлаш, уларга парвозларни амалга ошириш ҳуқуқини бериш, белгиланадиган манзилларни аниқлаш, сертификат ва лицензияларни тан олиш, икки давлатда тайинланган авиакорхоналарнинг ваколатхоналари фаолиятини тартибга солиш каби масалаларни назарда тутади.

Ҳужжат қоидаларига кўра, ҳар бир томоннинг белгиланган авиаташкилотлари иккинчи давлат ҳудудида келишилган манзилларда қўнишни амалга ошириш ва уларнинг ҳудудларидан қўнмасдан учиб ўтиш учун тегишли ҳуқуқлардан фойдаланади.

Битимда Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги ҳаво қатновларини ривожлантириш мақсадида авиаташкилотларга доимий қатновларни амалга оширишни таъминловчи ва божхона йиғимлари, солиқ ва бошқа тўловлардан озод этувчи имтиёзлар ўзаро асосда тақдим этилиши назарда тутилган.

Бундан ташқари, ҳужжатда авиация соҳасидаги хавфсизлик ва икки мамлакат авиация ташкилотлари ўртасида юзага келиши мумкин бўлган баҳсларни ҳал этиш меъёрлари ҳамда ўзаро ҳамкорлик қилишнинг бошқа шартлари белгилаб қўйилган.

Маълумот учун, жорий йил 6-7 апрель кунлари Тошкентда Ўзбекистон ва Қатарнинг фуқаро авиацияси соҳасидаги ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш мақсадида икки давлат авиация маъмуриятлари вакиллари ўртасида музокаралар бўлиб ўтган эди.

Мазкур музокараларда Қатар фуқаро авиацияси бошқармаси, Ўзбекистон транспорт вазирлиги, «Ўзавиация» агентлиги ҳамда томонларнинг тайинланган авиакомпаниялари - «Uzbekistan Airways» АЖ ва «Qatar Airways» авиакомпанияси вакиллари иштирок этганди.

Ўшанда Ўзбекистон ва Қатар ўртасида тўғридан тўғри ҳаво қатновларини йўлга қўйиш, ҳаво қатнови тўғрисидаги икки томонлама ҳукуматлараро битим лойиҳаси бўйича ишларни якунига етказиш, «Uzbekistan Airways» ва «Qatar Airways» авиакомпаниялари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш ва бошқа масалалар муҳокама қилинган.

Мавзуга оид