Армия Ливанда бетараф куч сифатида қаралади, ҳарбийлар деярли бир йилдан буён ҳукуматсиз яшаётган ва фуқаролик уруши ёқасига келиб қолган давлатда амалда тартибни сақлаб келмоқда.

2019 йил билан таққослаганда миллий валюта 90 фоизлик қийматини йўқотган, бу эса армия бюджети ва аскарларнинг маошини деярли йўққа чиқарган.

Ливан: маошлар қуламоқда, аскарлар очлик ёқасида, жиноятчилик ўсмоқда

Бу вақтда Евроиттифоқ Ливан президенти Мишель Аун билан (армия бош қўмондони билан фамилиядош) шанба кунги музокараларда ҳукумат шакллантириш йўлида тўсиқлар яратишни тўхтатишга чақирди, янги ҳукуматсиз халқаро ҳамжамият ушбу мамлакат тараққиёти учун молиявий ёрдам ажрата олмайди.

Пайшанба куни Франция Ливан ҳарбийлари учун маблағ тўплашга қаратилган виртуал донорлик конференцияси ўтказди. Унда 20 давлат, шу жумладан, АҚШ, Россия, Европа ва араб давлатлари иширок этди.

«Франс пресс» агентлиги хабар қилишича, Ливан армияси раҳбари дўстона давлатлардан қурол-яроғ ёки ҳарбий машғулотлар ўрнига «муайян нарсалар» тақдим этишни сўраган: сут, ун, дори-дармон, ёқилғи, жами қиймати бир неча ўн минг евро чиқадиган ҳарбий техника қисмлари.

Ливан армияси бетарафлик сақлайди ва мамлакатдаги 18та диний гуруҳлар ҳамда кўп сонли сиёсий фракциялар ўртасида катта обрўга эга ҳисобланади.

Ғарб давлатлари ҳам армияни мамлакатда катта таъсирга эга бўлган эронпараст «Ҳизбуллоҳ» гуруҳига қарши тура оладиган куч сифатида кўради. АҚШ, ЕИ, Буюк Британия ва қатор давлатлар ушбу ҳарбийлашган ташкилотни тўлиқ ёки қисман террорчи ташкилот сифатида тан олган.

«Ливан армияси - Ливан таянчи, ҳарбийлар мамлакатдаги хавфсизлик  билан боғлиқ вазият ёмонлашиб кетишининг олдини олади, шундай экан, уларга ушбу вазифани бажаришлари учун ёрдам кўрсатишимиз керак», деган журналистларга Франция қуролли кучлари вакили.

Март ойида генерал Жозеф Аун бутун дунёга ливанлик аскарлар худди мамлакатнинг бошқа фуқаролари каби очликдан қийналаётгани ҳақида маълум қилгач, Париж донорлик конференциясини ташкиллаштиришга киришганди.

«Мамлакат таянчи»
Генерал қарийб бир йилдан буён кабинетни шакллантира олмаётган сиёсатчиларни ҳам очиқ танқид қилиб чиққан. Аввалги бош вазир Ҳасан Диаб 2020 йил августида Байрутнинг катта қисмини вайрон қилган улкан портлаш рўй бериши ва бу туфайли коррупция кўлами фош бўлиши ортидан бутун кабинети билан истеъфо берганди.