10:37 / 21.06.2021
1826

Самарқанд аэропортида хорижга психотроп дориларни олиб чиқмоқчи бўлган шахс ушланди

Самарқанд халқаро аэропортида хорижга психотроп дориларни олиб чиқмоқчи бўлган шахс ушланган. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Самарқанд халқаро аэропорти орқали хорижга чиқиб кетмоқчи бўлган фуқаро Х.С. чегарадан психотроп дори воситаларини олиб ўтмоқчи бўлган. Ушбу фуқаро божхона назоратидан ўтиш пайтида йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган, ҳеч қандай ҳужжатларсиз жами 119 дона «Феназепам» номли психотроп дори воситаларини олиб кетмоқчи эканлиги аниқланган.

Қайд этилишича, айни кунда ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, амалдаги қонунчиликка кўра, жисмоний шахсларда психотроп моддалар бўлса, уни божхона чегарасини кесиб ўтишдан олдин декларацияда қайд этишлари шарт. Шундан сўнг божхона ходимига жисмоний шахснинг яшаш ёки бўлиш мамлакати тиббиёт муассасаси томонидан берилган дори воситасининг номи, унинг дори шакли ва даволаш курсининг тавсия этиладиган сони кўрсатилган ҳужжат тақдим этилиши керак бўлади.

Top