Америка Кубоги мезбонлари гуруҳ турнирини Эквадорга қарши дуранг билан якунлади.

Америка Кубоги. В гуруҳи
Бразилия — Эквадор — 1:1 (1:0)
Голлар: Эдер Милитау, 37 (1:0). Мена, 53 (1:1).
Бразилия: Алиссон, Маркинос, Эдер Милитао, Эмерсон, Лоди (Данило, 49), Фабино, Дуглас Луис (Каземиро, 64), Лукас Пакета (Эвертон Рибейру, 78), Роберто Фирмино (Винисиус Жуниор, 63), Габриэл Барбоза, Эвертон (Ришарлисон, 78).
Эквадор: Галиндес, Арболеда, Эступинян, Анх.Пресиадо (Пинейда, 84), Паласиос (Плата, 72), Хинкапе, Айр.Пресиадо, Франко, Мендес, Мой.Кайседо (Мена, 17), Валенсия.
Огоҳлантириш: Эступиньян, 83.
27 июнь. Гояния. Олимпико» стадиони.

Гуруҳда биринчи ўринни кафолатлаб бўлган Бразилия учун турнир нуқтайи назаридан аҳамиятсиз бўлса-да, бу бразиллар учун тарихий воқеа эди. Пентакампеонлар миллий терма жамоа даражасида 1000-расмий ўйинни ўтказишди. Ва бу ўйин Неймарнинг иштирокисиз кечди, у захира ўриндиғида қолдирилди. Ўтган сафар жароҳатланган юлдузсиз ҳам Америка Кубогини қўлга киритган Тите, биринчидан «ўнлик» футболчисига плей-оффдан олдин дам берди. ЖЧ-2022 саралашида ҳам ўйнаган Неймар ва 20 кун ичида беш ўйинда тўлиқ ҳаракат қилган яна бир неча етакчилар ҳордиқ чиқариш имконига эга бўлишди.

Иккинчидан, мураббийлар штаби экспериментларни давом эттиришга қарор қилишди. Улардан энг кўзга ташлангани «Барселона»га қайтган Эмерсон ўнг қанот ҳимоясидан ўрин олгани, таянч яримҳимоясида Дуглас Луиз — Фабино жуфтлиги, Роберто Фирмино ҳужум марказида ва Эвертон чап қанот ҳужумида ўйнагани бўлди. Икки йил муқаддам Неймар йўқлигида у бу позицияда ажойиб ўйинлар кўрсатганди. Очко сув ва ҳаводек зарур бўлган эквадорликлар илк дақиқалардан олдинга ташланишди ва Алиссон дарвозаси олдида хавфли вазиятлар яратишди.

Аммо Мойсес Кайседо жароҳат олиб сафдан чиққач, ўйин эквадорликлар дарвозаси олдида кеча бошлади. Бразиллар жон-жаҳди билан ўйнамаган бўлса-да, жамоа бажарган иш ҳажми ўйинда тўлиқ устунлик қилиш учун етарли бўлди. Бундан ташқари, плей-офф арафасида стандарт вазиятлардан фойдаланишдаги муваффақият Титени хурсанд қилмай қолмасди. Ўтган турда ҳам бурчак зарбаси ғалабани таъминлаганди. Бу сафарги ўйинда Эвертон жарима зарбасидан кейин тўпни Эдер Милитаонинг бошига қўндириб қўйди ва Эдер «Реал»даги жамоадоши Серхио Рамос услубида дарвозанинг узоқ бурчагини аниқ нишонга олди.