Президентнинг «Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
2022 йил 1 июлга қадар амалга ошириладиган лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жойлашган 1 227та кўп квартирали уй-жойлар бошқарувчи ташкилотларга бириктирилади.
Бошқарувчи ташкилотлар очиқ танлов ўтказиш йўли билан танланади. Уларга қуйидаги вазифалар юклатилади:
- шартномага асосан барча кўп квартирали уй-жойларни бошқариш, шунингдек якка тартибда қурилган уйларга, мулкчилик шаклидан қатъи назар ташкилотларга (объектларга) коммунал ва авария вазиятларини бартараф этиш хизматларини кўрсатиш;
- тегишли ҳокимлик билан тузилган шартномага асосан ҳудудни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш;
- 24 соат мобайнида фаолият юритадиган диспетчерлик ва авария вазиятларини бартараф этиш хизматини ташкил этиш.
Барча давлат буюртмачиларига танланган бошқарувчи ташкилот билан бириктирилган ҳудудда истисно тариқасида танлов ўтказмасдан коммунал ва авария вазиятларини бартараф этиш хизматларини кўрсатиш бўйича тўғридан тўғри шартнома тузишга рухсат этилади. Якка тартибда қурилган уйлар мулкдорлари, хусусий ташкилотлар вакиллари томонидан танланган бошқарувчи ташкилот билан шартнома ихтиёрий равишда тузилади.
2021 йил 1 июлдан бошлаб уй-жой мулкдорларининг ширкати, бошқарувчи ташкилот ва бошқарувчи, бевосита бошқарувчи томонидан ҳар бир кўп квартирали уй-жой учун мажбурий бадалларнинг ёки тўловларнинг алоҳида ҳисоби юритилиши шарт.
Кўп квартирали уй-жойларнинг мукаммал ва жорий таъмирлаш ишларини молиялаштириш мазкур уй-жойларни таъмирлаш ишлари умумий смета қиймати доирасида амалга оширилади. Бунда:
- 30 фоизи ҳажмидаги маблағлар мулкдорлар ҳисобидан қопланади;
- 70 фоизи ҳажмидаги маблағлар тенг улушларда республика бюджети ва маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қопланади.
Мулкдорлар ва бошқарувчиларга кўп квартирали уй-жойларга туташ ер участкалари чегаралари ва ўлчамларини белгилаш ҳамда уларга доимий фойдаланиш ҳуқуқини белгиловчи зарур ҳужжатларни, шу жумладан кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш учун тўловларни бир йил давомида тенг улушларда бўлиб тўлашга рухсат этилади.
















