Давлат хизматлари агентлиги директори ўринбосари Нўъмон Муҳаммадиев аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш соҳасининг бугунги ҳолати ва истиқболлар мавзусида Kun.uz мухбири билан суҳбатда бўлди.

– Президент фармони билан 1 июндан бошлаб туғилиш, никоҳ тузилганлиги, никоҳдан ажралиш, ўлим, исм ва фамилияни ўзгартириш, оталикни белгилаш ҳамда фарзандликка олишни қайд этиш, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш, хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш кабилар экстерриториал тамойил асосида амалга оширилиши белгиланганди. Келгусида яна қайси турдаги давлат хизматларига нисбатан экстерриториал тамойил татбиқ этилиши режалаштирилмоқда?

ФҲДЁ соҳасида 60 млндан ортиқ қоғоз кўринишидаги архив ҳужжатларини электронлаштирдик, яъни ҳужжатлар рақамлаштирилди. Натижада, эндиликда экстерриториал хизматларни бажаришимиз имконияти пайдо бўлди. Бу хизматни электрон базага киритмасдан туриб амалга ошириш имконсиз эди. Энди бошқа идораларнинг архивдаги ҳужжатларини рақамлаштириш бўйича катта иш олиб борилмоқда.

Нўъмон Муҳаммадиев

Рақамлаштириш натижасида ФҲДЁ соҳасида экстерриториал тамойил амалга оширилди, яъни фуқаро қайси жойда рўйхатга ўтишидан қатъи назар, хизматлардан фойдаланиши мумкин бўлди. Дейлик, куёв Нукус шаҳридан, келин тошкентлик бўлса, иккаласи биргаликда ариза топшириши керак эди, яъни куёв Тошкентга келиши ёки келин Нукусга бориши шарт эди. Энди эса шундай имконият яратилдики, куёв ўз шаҳридан туриб аризасини онлайн юбориши мумкин ва улар рўйхатга олинади. Тиббий кўрик масаласи ҳам худди шундай, ўз ҳудудидан туриб тиббий кўрикдан ўтса бўлади.

«Айрим давлат идораларига ҳали етиб бормаган» — ДХА расмийси билан бюрократияни камайтирувчи фармон ижроси бўйича суҳбат

2020 йилда ФҲДЁга 1 млн 400 минг ариза келиб тушган бўлса, шундан 400 минги турли ҳудудларда яшовчи инсонлар томонидан берилган. Экстерриториал тамойилнинг ишга тушиши фуқароларга енгиллик яратди. Ҳозиргача 500га яқин инсон экстерриториал хизматдан фойдаланган.