Kun.uz рўй бераётган бу жараёнлар ҳақида экофаол, архитектор, гидрометеоролог ва халқаро мутахассис фикри билан қизиқди.

“Соя берувчи дарахтлар – занжирнинг муҳим қисми”

Темурбек Аҳмедов, халқаро эксперт:

— Ҳарорат кўтарилганда биноларда кондиционерлар ёқилади. Кондиционерлар ишлаши учун электр энергияси керак. Бунинг учун электростанция ишлаши керак. Электростанцияда электр ишлаб чиқариш учун эса кўмир ёки газ ёқилади. Яъни бунинг ҳаммаси – бир-бирига уланган занжир.

Ҳарорат кўтарилгач, машиналар ҳам кондиционерни ёқади. Натижада кўпроқ бензин ёқилади. Бу – ҳаво сифати ёмонлашишига олиб келади...

Агар дарахтлар бўлса, улар соя беради. Соя эса ҳароратни туширади. Температура пасайса, демак, кондиционерни сал камроқ ишлатасиз.

Бино ёнида дарахт турса, у 10-20 фоиз камроқ электр ишлатиши мумкин.

“Соғлом дарахтни кесиш учун уни атайин касал қилишгача боришяпти”

Наргис Қосимова, экофаол:

— Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, инсон эркин нафас олиши, кайфияти яхши бўлиши, умуман олганда нормал ҳаёт кечириши учун 60 кв.м. яшиллик керак. Бу фақатгина дарахтлар эмас, балки буталар, майсазор бўлиши ҳам мумкин. Нима учун буталар? Чунки катта йўлнинг четига экилган буталар автомобиллар шовқинини камайтиради, автомобилдан чиқадиган ис гази ва бошқа зарарли моддаларни ўзида ушлаб қолади.

Ҳозирги кунда арча (можжевельник) кўп экиляпти. Аммо иссиқ иқлимли мамлакат бўлганимиз сабаб сатҳи кенг баргли дарахтлар кўпроқ бўлиши керак. Бундай дарахтлар соя беради, чангни, заҳарли моддаларни ўзида ушлаб қолади.

Арчаларни, биринчидан, доимий суғориб туриш керак, иссиққа чидамайди; иккинчидан, улар – игнабаргли дарахт, яъни уларга қуш қўна олмайди, ин ҳам қура олмайди. Бу дегани шаҳарда яшаётган ҳайвонот дунёси йўқотилишига ўзимиз замин яратиб беряпмиз.