Ёз бошидан бери Ўзбекистон аҳолиси жазирама кунларни бошдан кечирмоқда.
Кескин континентал минтақа ҳисобланган Ўзбекистон учун ёзда ҳароратнинг иқлимий меъёрдан 6 даражадан юқорилаши иқтисодий-ижтимой соҳаларда маълум муаммоларни келтириб чиқаради.
Бу ҳолат ҳукуматни маълум чоралар кўришга ундади. Иссиқ кунларда уйда бўлиш мақсадга мувофиқлиги аҳолига тавсия қилинди. Хонадонларда совитиш мосламаларидан фойдаланишда муаммолар юзага келмаслиги учун энергетика тармоқлари, жумладан электр энергияси ва табиий газ таъминоти тизимларининг барқарор ишлашини таъминлаш вазифаси юклатилди. Аммо республиканинг деярли барча вилоятларида, жумладан Тошкент шаҳрида ҳам тинимсиз равишда “свет” ўчаётгани ҳақида аҳолидан мурожаатлар бўляпти.
Кузатувларга кўра, юртимизда ҳарорат кўтарила бошлаган 1 июль куни республикамиздаги электр энергия ишлаб чиқарувчи барча станцияларда 172,7 млн кв/соат электр энергия ишлаб чиқарилган экан. Аммо ҳукумат комиссияси томонидан иссиқ кунларда аҳолининг электрсиз қолишининг олдини олиш вазифаси қўйилган 4 июль куни эса электр энергияси ишлаб чиқарилиши камайган. Шу куни юртимизда бир суткада 171,9 млн кв/соат электр энергия ишлаб чиқарилган.
Бугун, 7 июль куни эса Тошкент метросининг қатор бекатларида электр энергияси узилиб қолди. Пойтахтнинг бир нечта мавзеларида “свет” ўчган, кўчаларда светофорлар ишламаётган ҳолатлар кўпаймоқда. Энергия муаммолари ҳатто Тошкент учун ҳам одатий ҳолга айланаётгани афсусланарли.
Метрополитен маъмуриятига кўра, соат 12:55 – 13:05 оралиғида Тошкент шаҳар электр таъминоти тизимида юзага келган носозлик сабабли метрополитеннинг “Чилонзор”, “Юнусобод” ва “Ўзбекистон” йўналишларидаги бекатларида ёритувчи ускуналар ишламаган, эскалаторлар тўхтаган.















