Иқтисодиёт | 15:18 / 15.07.2021
8787
2 дақиқада ўқилади

Экспортни қўллаб-қувватлашга яна 100 млн доллар ажратилади

“Тикланиш ва тараққиёт” жамғармаси “Экспортни қўллаб-қувватлаш” жамғармасига 100 млн доллар маблағни 5 йиллик муддат билан 1 фоиз ставкада ўтказиб беради.

“Экспорт фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш тўғрисида” президент қарори қабул қилинди.

Унга кўра, экспорт билан боғлиқ савдо ва экспортолди операцияларини молиялаштириш учун “Tикланиш ва тараққиёт” жамғармасидан “Экспортни қўллаб-қувватлаш” жамғармасига 100 млн доллар ажратилади.

Бу маблағлар 5 йилга 1 фоиз ставкада берилиши назарда тутилган.

Шунингдек, “Экспортни қўллаб-қувватлаш” жамғармаси ҳисобидан ажратиладиган маблағлар ўз вақтида ва тўлиқ қайтарилиши лозимлиги белгиланди.

2021 йил якунига қадар халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, хорижий банклар ва молия компанияларидан “Экспортни қўллаб-қувватлаш” жамғармаси ва маҳаллий тижорат банкларига экспортолди молиялаштириш учун 200 млн доллар миқдоридаги маблағлар жалб этилади.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг жорий йил 14 январдаги қарорига мувофиқ, “Экспортни қўллаб-қувватлаш” жамғармаси томонидан экспортга йўналтирилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун 100 миллион доллар ажратилиши белгиланган эди.

Бундан ташқари, жорий йил апрел ойида экспортчи корхоналарнинг савдо уйларини очиш ва сақлаш, офис, савдо ва омбор биноларини ижарага олиш, шунингдек, реклама кампанияларини ташкил қилиш билан боғлиқ чет элдаги айрим харажатлари Экспортни ривожлантириш агентлиги маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши маълум қилинганди.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид