Кеча, 15 июль куни Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси матбуот анжумани ўтказди. Анжуманда Kun.uz мухбири Зарафшон дарёсида сув камайиши оқибатида миллий табиат боғи ўсимликлари жиддий зарар кўраётгани, бунга дарё атрофида қурилган карьерлар фаолияти ҳам сабаблиги ҳақида савол берди.
Карьер – фойдали қазилма ва қум-шағални очиқ усулда қазиб оладиган корхона.
Қўмита етакчи мутахассиси Собир Бердиевга кўра, Зарафшон миллий боғи аввал давлат қўриқхонаси ҳисобланган, аммо аҳоли хонадонлари ўша ҳудудга жуда яқин жойлашгани сабаб ва одамлар қўриқхонага зарар етказавергач, миллий табиат боғига айлантирилган.
“Ростан ҳам ҳудудда қурилган карьерлар фаолияти натижасида Зарафшон дарёси суви сатҳи камайиб боряпти. Бунинг оқибатида миллий табиат боғидаги ўсимликлар қуриб боряпти.
Биз ўтган йили шу ҳудуддаги карьерлар фаолиятини тўхтатиш бўйича карьерларнинг ўзига ва Экология қўмитасига бир неча марта хат чиқарганмиз. Лекин қўмитадан бу бўйича бизга ҳозирча жавоб келмаган.
Агар ўша ҳудудлардаги карьерлар фаолияти тўхтатилса, бу ҳудуднинг ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига катта фойда бўларди. Аммо биз карьерлар қонун билан ишлаётгани учун уларга чора кўролмаймиз”, – деди у.
Қўмита бошқарма бошлиғи ўринбосари Ойбек Эшимов эса дарё муҳофазаси вилоят ҳокимлиги зиммасида экани, унинг қирғоқлари атрофидаги қазиш ишларига рухсат Экоқўмита томонидан берилиши ҳақида гапирди.
“Зарафшон дарёси бизнинг миллий табиат боғи ёнидан ўтган. У бизга эмас, вилоят ҳокимлигига қарайди. Биз дарёда қазиш ишлари олиб борилиши бўйича ҳеч кимга рухсат бермаймиз. Бунга Экология қўмитаси рухсат берган”, – деди Ойбек Эшимов.

Kun.uz мухбири айни масалада Давлат экология қўмитаси вакиллари билан ҳам боғланди. Қўмита вакили Севара Давлатова Ўрмон хўжалиги қўмитасининг айбловларини рад этиб, Ўрмонқўм юборган хатга Экоқўм ўтган йили тегишлича жавоб хати юборганини маълум қилди.
“Биз юборган жавоб хатида Зарафшон миллий табиат боғи билан дарё ўзани орасидаги масофаларда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги “Хавфсиз дарё” ДУК томонидан тадбиркорлик субъектларига, ер майдонлари шартнома асосида ажратилаётгани маълум қилинган ҳамда саволлар билан айнан “Хавфсиз дарё” ДУКга мурожаат қилиш мумкинлиги айтилган”, – деди Давлатова.

















