1 августдан божхонада қандай имтиёзлар жорий этилади?

«Ҳукуматнинг 2021 йил 8 июлдаги «Божхона маъмуриятчилиги ва тартиб-тамойилларини янада соддалаштириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида»ги қарори ва уни тадбиркорларга етказадиган фойдаси ҳақида айтиб ўтсам.

Қарор манфаатдор вазирликлар билан ҳамкорликда, тадбиркорларнинг талабларидан келиб чиққан ҳолда экспортга кенг йўл очиш мақсадида ишлаб чиқилди. Аввал ҳам иттифоқ давридан кейин қабул қилинган «Толенг контрактлари» деган режим бўлган. Лекин уни деярли ишлатиш имконсиз эди. Сабаби унда буюртмачи бўлиши керак ва тадбиркорларимиз фақатгина хизмат кўрсатадиган мавқеда туриб қоларди. Шу нуқтайи назардан аввалги қарор ишламасди. Янги қарор бўйича эса тадбиркор хомашёни ўзи сотиб олиши, махсус божхона шартномалари асосида олиб келиши, ҚҚС, акциз ва бож тўламасдан хомашёни қайта ишлаб 180 кун ичида экспортга йўналтира олиши мумкин. Юқоридаги солиқлардан озод қилиниши, маҳсулот таннархига бевосита таъсир этувчи омил ҳисобланади.

Иккинчи тарафдан, тадбиркор савдо-сотиқ билан шуғулланиши мумкин. Эркин божхона омбори статусида хориждан маҳсулотни сотиб олиб, импорт    эркин савдога чиқариш режимига қўймасдан туриб, уни иккинчи ёки учинчи мамлакатга экспорт қилиб юбориши мумкин. Бу ҳам тадбиркорларни ҚҚСдан озод қилади.

Аввал реэкспорт қилмоқчи бўлган тадбиркор маҳсулотни олиб кириб, ҚҚС тўларди, эркин савдога чиқариб кейин четга экспорт қила оларди. Эндиликда қарор билан бу тартиб анча соддалаштирилди. Натижада Шарқий Осиё, Покистон, Афғонистондан маҳсулотларни сотиб олиб Европага сотишимиз имконияти яратилди. Ҳозирги вақтда кема орқали юк ташишга 40 кун кетса, Ўзбекистондан Европага маҳсулотларни етказиб бериш максимал тезлиги 7-8 кунни ташкил этяпти. Темир йўлларнинг жозибадорлиги юк ташувларида йилдан йилга ўсиб боряпти, шу маънода қарор халқаро савдо билан шуғулланишда қўл келиши шубҳасиз.

Қарор халқаро рақамли тижорат – digital trading учун ҳам муҳим ўрин тутади. Чунки тадбиркор маҳсулотни ишлаб чиқариб махсус божхона омборига олиб чиқиб қўя олади. Чет элдан буюртма келган заҳоти машиналарга юклаб чиқариб юборади. Рақамли тижоратда бир кун ҳам муҳим рол ўйнайди. Мисол учун, Европадан келган буюртмани 8 кун эмас, 7 кун ичида етказиб берадиган бўлса бу тадбиркорга янада ишончни оширади. Шу маънода қарор рақамли тижоратни ривожлантиришда ижобий рол ўйнайди.