Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарёда ИИБ ходимлари олиб кетгандан сўнг вафот этган фуқаро ҳодисаси бўйича вилоят ИИБ ва ССБга хизмат текшируви тайинланди
Қашқадарё вилояти Нишон туманида ИИБ ходимлари олиб кетгандан сўнг вафот этган фуқаро ҳодисаси бўйича вилоят Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш бошқармаларига хизмат текшируви тайинланган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қарши тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, марҳумнинг ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.
Бундан ташқари, фуқаро Н.Муҳаммадиев вилоят диспансерида вафот этгани бўйича вилоят Соғлиқни сақлаш ва Ички ишлар бошқармаларига хизмат текшируви тайинланган.
Маълумот учун, жорий йил 25 июль куни Нишон тумани «Каптарли» МФЙда яшовчи Нурсоат Муҳаммадиев туман ИИБ ҲПБ профилактика инспекторлари томонидан чақирувга асосан уйидан олиб кетилган ва Қарши туманида жойлашган вилоят наркология диспансерига ётқизилган. 26 июль куни фуқаро вафот этган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 10 июль куни Сурхондарё вилояти Денов туманида профилактика инспекторининг ёрдамчилари томонидан калтакланган фуқаро вафот этган. 28 июль куни марҳумнинг хотини томонидан йўлланган видеомурожаат ижтимоий тармоқларда тарқалгач, ҳолат прокуратура томонидан назоратга олиниб, икки нафар шахс эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Ҳозирда тергов ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, 2020 йилнинг январь ойида Қашқадарё вилоятида бир нафар, май ойида Андижон вилоятида бир нафар фуқаро ИИБ ходимлари томонидан қийнаб ўлдирилганди. Кейинчалик ҳар икки ҳолатда ҳам суд томонидан айбдор ИИБ ходимларига тегишли жазолар берилган ва улар узоқ муддатли қамоқ жазосини олган.
Қашқадарё вилоятида юз берган ҳодиса юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов «ИИБ биносида одам ўлиши янгилик эмас»лигини айтганди.