Тошкент марказида, Амир Темур хиёбони яқинидаги Le Grande Plaza (собиқ “Тата”) меҳмонхонаси ёнидаги боғ ҳудудининг бир қисми ўтган ҳафта қизил-оқ лента билан ўраб қўйилгани, газонда эса оқ чизиқ пайдо бўлгани маҳаллий фуқаролар эътиборини тортди.

“Болалар дунёси” (“Детский мир”) автобус бекати яқинида жойлашган бу ер – шаҳарнинг аттракционлар ўрнатилмаган саноқли яшил ҳудудларидан бири.

Боғнинг тахминан 50 сотих қисмида бино пойдеворининг тарҳи дея тахмин қилинган лента ва чизиқлар пайдо бўлгач, маҳаллий аҳоли боғ тақдиридан хавотирга тушиб, Экология қўмитасига мурожаат қилган.

Мирзо Улуғбек тумани экология инспектори Хуршид Абдурасулов Kun.uz билан суҳбатда, мораторий амал қилаётган вақтда боғдаги дарахтларни кесишга рухсат берилмаслигини айтди.

“Шаҳрисабз ва Мустақиллик кўчалари кесишувидаги истироҳат боғида қурилиш қилиш мақсадида лойиҳа амалга оширилаётгани ҳақида бизга мурожаат келиб тушди. Шунга асосан, жойига чиқиб ўргандик, дарахтлар хатловдан ўтказилди. Қурилиш ҳудудида 320 дан ортиқ катта ва кичик дарахт ва буталар борлиги маълум бўлди. Боғнинг умумий ҳудудида эса 800га яқин турли дарахт ва буталар мавжуд.

Бизга бу ерда қурилиш қилиниши муносабати билан дарахтларни кесиш ёки кўчириб ўтқазиш бўйича расман мурожаат келиб тушмаган. Мурожаат келиб тушса ҳам, бунга қаршилик билдирамиз. Рухсат берилмайди”, – деди экоинспектор Хуршид Абдурасулов.

Боғ ҳудудида тортиб чиқилган лента жамоатчилик норозилиги ва экоинспекторлар ташрифидан кейин кўп ўтмай олиб ташланди.

Дарахтзорда биз суҳбатлашган маҳаллий аҳоли вакиллари бу ерга иморат қурилишига қарши эканини айтишди.

“Айниқса жазирама ёз ойларида бу атрофдаги аҳоли учун жуда керакли масканга айланади. Дарахтлар кўплигини қаранг. Тошкентда қанчадан қанча дарахтлар кесиб ташланди, кесиб ташлашяпти. Бундай жойлар камайиб кетди. Бу хиёбонни ҳам йўқ қилишадими? Биз бунга қаршимиз”, – дейди фуқаролардан бири.