Qalampir.uz сайти журналистини таҳқирловчи видеомонтаж қилинган лавҳа ижтимоий тармоқда журналистларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

7 август куни Интернетда тарқатилган тасвирда Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйнинг айвонидаги шахси аниқлаб бўлмас даражада узоқликдан тасвирга олинган номаълум эркак ва аёл ишқий муносабати акс этган.

Ушбу ахлоқсиз видео айрим шахслар томонидан монтаж қилиниб, ундаги номаълум аёл худдики Qalampir.uz таҳририяти журналисти Феруза Нажмиддинова сифатида талқин қилинган.

Бунга журналист аёл томонидан бир кун аввал — 6 август куни Tashkent City’даги ресторан ва қаҳвахоналар Махсус комиссия томонидан жорий этилган карантин қоидаларига риоя қилмасдан, соат 20:00 дан кейин ҳам ишлаётгани, ҳаттоки соат 22:00 да ҳам буюртмалар қабул қилаётгани, емакхоналар хўрандалар билан тўла эканлиги борасида тайёрлаган репортажи сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

Qalampir.uz онлайн нашри ушбу воқеа юзасидан расмий баёнот эълон қилди.

«Бугун биз исталган одамни «шес секунд»да шарманда қилиш, унинг устидан исталган вақтда мағзава ағдариб, томоша қилиб туриш, обрўсизлантириш ва шу йўсинда алам олиш осон бўлган даврда яшаяпмиз. Феруза Нажмиддинова экан деб туҳмат қилинаётган видеода аёлнинг юзидан унинг кимлигини таниб олиш мумкин эмас. Ва ушбу видеога исталган аёлнинг, айтайлик, амалдор аёлларнинг ёки амалдорларнинг қизи, жияни, аёли суратини ҳам қўйиб, «шунақа иш бўлибди», деб тарқатиш мумкин ва бу ҳақиқат бўлолмайди.

Аммо айрим қабиҳ ниятдаги кимсалар бир оиланинг бекаси, жамиятда ва ишида ўз обрў-эътиборига эга бўлган аёлга туҳмат қилиш орқали, «лойни шундай отгинки, ўзи кетса ҳам, изи қолади» қабилида иш тутмоқчи бўлишди. Лекин улар мақсадларига ета олмадилар. Халқ ўз қаҳрамонларини яхши танийди ва уларни «шес секунд»да шарманда қилиш мумкин эмас.

Мазкур ҳолат жинсидан қатъи назар, исталган журналист билан рўй бериши, уларнинг шаъни ҳам ана шундай топталиши мумкинлигини инобатга олсак, Ўзбекистонда журналистларнинг дахлсизлиги масаласи янада долзарб бўлиб бораётганини фаҳмлаймиз ва QALAMPIR.UZ Бош муҳаррири ўринбосари Феруза Нажмиддинова билан боғлиқ вазият бунинг яққол исботидир»,