Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги болалар боғчасида содир бўлган воқеа ҳозир кўпчиликнинг диққат марказида бўлиб турибди. Жами 30 нафар бола овқатдан заҳарланган ва улардан бири ўта оғир, яна бири эса оғир аҳволда.

Ҳар сафаргидай, бу воқеада ҳам дастлабки хабарлар ваҳималарга қоришиб келди. Ижтимоий тармоқлар орқали 150дан ортиқ бола овқатдан заҳарлангани, 1 бола вафот этгани ҳақида маълумотлар тарқалди. Аммо кейинчалик Мактабгача таълим вазирлигининг ахборотидан маълум бўлдики, Оққўрғонда воқеа содир бўлган 5-боғчанинг ўзи 136 ўринли ва унда 25 нафар бола овқатдан заҳарланган.

Болалар турли шифохоналарга жойлаштирилган. Бир боланинг аҳволи шундан буён ўта оғирлигича қолмоқда.

Бу боғчанинг бир нафар тарбияланувчиси чиндан ҳам вафот этган. Аммо ўлимга овқатдан заҳарланиш эмас, ўпка касаллиги сабаб бўлгани келтирилган.

Кейинчалик 13 август ҳолатига кўра яна 5 нафар болада овқатдан заҳарланиш белгилари пайдо бўлиб, жами 30 нафар тарбияланувчида интоксикация синдроми белгилари билан тиббиёт муассасаларига ётқизилгани маълум қилинди.

Дастлабки кунданоқ клиник белгиларга кўра бу ҳолатга сабаб сифатида ботулизм ташхиси гумон қилинган.

Прокуратура Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ботулизм қандай касаллик?

Юқумли касалликлар шифокори, тиббиёт фанлари номзоди, доцент Наргиза Ярмуҳаммедованинг сўзларига кўра, юқумли касалликлар орасида ботулизм энг хавфлиларидан бири ҳисобланади ва у туфайли ўлим ҳолатлари ҳам кузатилиши мумкин. Касаллик болалар ва кексаларда оғир кечади.

“Ботулизм таёқчалари табиатда кенг тарқалган. Тупроқда, сувда, жониворлар организмида учрайди ҳамда қобиққа ўралган ҳолда узоқ йиллар давомида сақланиши мумкин. Ботулизм таёқчалари ҳавосиз (анаэроб) муҳитда кўпаядиган ва ўзидан илон заҳридан юзлаб марта кучли заҳар ишлаб чиқарадиган микроблар бўлиб, сабзавотлар консерваланганда улар учун қулай муҳит пайдо бўлади. Кундалик турмушда бу касалликнинг энг кўп тарқалиши ҳам айнан консерваланган банкалар орқали юзага келади.