Ўзбекистон | 13:49 / 16.08.2021
1865
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида талаб юқори бўлган дори воситаларининг ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинди

Тошкент вилоятининг Зангиота ва Яшниобод туманларида пандемия шароитида талаб юқори бўлган дори воситаларининг ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Зангиота тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Х.Б. пандемия шароитида талаб юқори бўлган дори воситаларини қиммат нархларда сотиб даромад орттириш мақсадида, хорижда ишлаб чиқарилган 218 қути «Remdisivir-Rameda 100 mg Vial 20 ml» номли дори воситасининг ҳар бир қутисини 600 минг сўмдан ҳисоблаб, тўловни АҚШ долларида амалга оширишга келишиб жами 12 000 АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Экспертиза хулосасига кўра, 218 қути дори воситасининг умумий баҳоси 91,5 млн сўмни ташкил этган. 

Шу каби, Департаментнинг Яшнобод туман бўлими томонидан ўтказилган тадбирда, 3 нафар фуқаро олдиндан тил бириктириб, дори воситаларини дорихона ва унинг филиалларидан ташқарида муомалага киритиш орқали даромад орттиришни кўзлаб, 63 қути «Клексан» номли дори воситасини ҳар бирини 900 минг сўмдан баҳолаб, жами 57,6 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари  ўтказилмоқда.

Мавзуга оид