Шу йилнинг июль-август ойларида ўтказилган халқаро фан олимпиадаларида ўзбекистонлик ўқувчилар жами 10та (3та олтин, 2та кумуш ва 5та бронза) медал қўлга киритганди.
Кеча, 17 август куни Тошкент шаҳрида олимпиада ғолиблари ва уларнинг ўқитувчиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Тадбирда иштирок этган бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев ўзбек спортчилари Токиода ўтган ХХХII ёзги Олимпия ўйинларида муносиб иштирок этгани ҳамда шу каби ютуқлар нуфузли фан олимпиадаларида ҳам давом этгани ҳақида гапирди.

“Бугунги қаҳрамонларимиз математика, биология, физика ва кимё фанлари бўйича дунёнинг энг нуфузли олимпиадаларида жами 10та медал жамғаришди. 2020 йилда эса биз 6та медал олгандик. Хурсанд бўладиганимиз – бизда натижалар ҳам сон, ҳам сифат жиҳатидан ошиб боряпти”, – деди у.
Маросимда математика (IMO), физика (IphO), кимё (IChO), биология (IBO), информатика (IOI) фанлари бўйича халқаро нуфузли фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчилари бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланди.
1-ўрин (олтин медал) учун – ўқувчига 122.5 млн сўм, ўқитувчисига – 110,25 млн сўм;
2-ўрин (кумуш медал) учун – ўқувчига 73.5 млн сўм, ўқитувчисига – 61,25 млн сўм;
3-ўрин (бронза медал) учун – ўқувчига 49 млн сўм, ўқитувчисига – 36,75 млн сўмлик сертификатлар топширилди.



















