17:29 / 20.08.2021
1488

Навоийда 2 233 нафар истеъмолчининг табиий газдан асоссиз қарздорлиги бартараф этилди

Кармана туманида жойлашган почта алоқа бўлими орқали 2019 йил март-декабрь ойларида истеъмолчилардан фойдаланилган табиий газ учун қабул қилинган қарийб 240 миллион сўм пул абонентларнинг ҳисоб рақамига тушмаганлиги аниқланди. Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2019 йилда Кармана туманида истиқомат қилувчи 2 нафар фуқаро табиий газ учун почта алоқа бўлими орқали тўловларни амалга оширган. Аммо бу тўловлар газ таъминоти ҳисоб рақамига тушмаганлиги сабабли асоссиз қарздорлик пайдо бўлган. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилинишини сўраб, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Навоий вилояти ҳудудий тузилмасига мурожаат қилишган.

Ўрганиш жараёнида 2019 йилда “Ўзбекистон почтаси” АЖ Навоий филиалининг почта алоқа бўлимлари томонидан “Мунис” дастури орқали 2 233 нафар истеъмолчининг табиий газ учун тўлаган  239,9 миллион сўмлик пул маблағлари “Hududgaz Navoiy” газ таъминоти филиалининг тегишли ҳисоб рақамига келиб тушган бўлса ҳам, истеъмолчиларнинг шахсий абонент ҳисоб рақамларига келиб тушмаганлиги аниқланган.

Агентликнинг Навоий вилояти ҳудудий тузилмаси томонидан “Hududgaz Navoiy” газ таъминоти филиалига ҳолат юзасидан кўрсатма хати юборилиб, абонентларнинг ҳисоб рақамига тушмаган тўлов “Karmanatumangaz” бўлими томонидан “Билинггаз” дастурига киритилган ҳамда истеъмолчиларнинг газдан асоссиз қарздорлиги бартараф этилган.

Олдинроқ Навоийдаги оҳак цехида ноқонуний тарзда 130 миллион сўмлик табиий газ ишлатилгани хабар қилинганди.

Top