10:27 / 25.08.2021
24176

Молия вазирлиги энг кўп молиявий қонунбузилиш ҳолатлари қайси вазирликларда кузатилганини маълум қилди

Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2021 йил биринчи ярим йилликда бюджет интизомига риоя этилиши ва бюджет маблағларнинг мақсадли фойдаланилиши юзасидан ўтказилган 3 480та назорат тадбирларида 372,7 млрд сўм миқдорида бюджет интизоми бузиш, пул ва товар-моддий бойликлар камомади ва асоссиз харажатлар аниқланди. Бу ҳақда Молия вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, ҳисобот даврида бюджет ташкилотларида иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар бўйича аниқланган молиявий қонунбузилиш ҳолатлари 120,1 млрд сўмни, шундан нақд пул маблағларини ўзлаштириш ва камомадларга йўл қўйиш ҳолатлари 25,4 млрд сўмни ташкил этган.

Ҳисобот даврида вазирликлар бўйича қонунбузилиш ҳолатлари ва бошқа хато-камчиликлар қуйидагиларни ташкил этди:

Халқ таълими вазирлиги тизимида ўтказилган 455та назорат тадбирларининг 336тасида 65,2 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2020 йилнинг мос даврига (21,5 млрд сўм) нисбатан қонунбузилиш ҳолатлари 3 мартага ошган;

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси тизимида ўтказилган 117та назорат тадбирларининг 96тасида 59,3 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган (2020 йилнинг биринчи ярим йилида 981 млн сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган);

Мактабгача таълим вазирлиги тизимида ўтказилган 454та назорат тадбирларининг 368тасида 59,2 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2020 йилнинг мос даврига (7 млрд сўм) нисбатан қонунбузилиш ҳолатлари 8,5 мартага ошган;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида ўтказилган 514та назорат тадбирларининг 390тасида 41,7 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2020 йилнинг мос даврига (14,1 млрд сўм) нисбатан қонунбузилиш ҳолатлари 2,9 мартага ошган;

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимида ўтказилган 136та назорат тадбирларининг 129тасида 24,1 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган (2020 йилнинг биринчи ярим йилида 903 млн сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган);

Сув хўжалиги (6,8 млрд сўм), Жисмоний тарбия ва спорт (6,4 млрд сўм), Олий ва ўрта махсус таълими (5,2 млрд сўм), Бандлик ва меҳнат муносабатлари (4,5 млрд сўм), Қишлоқ хўжалиги (4,2 млрд сўм), Мудофаа (3,2 млрд сўм), Маданият (2,6 млрд сўм) вазирликлари ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш (4,7 млрд сўм), Ўрмон хўжалиги (4,4 млрд сўм), Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш (3,1 млрд сўм) давлат қўмиталари ва улар тизимидаги бюджет ташкилотларида ҳам йирик миқдорда молиявий қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

Бундан ташқари, ҳокимликлар (5 млрд сўм), ҳокимликларнинг ободонлаштириш бошқармалари (5,6 млрд сўм), ҳокимликлар ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниялари (55,8 млрд сўм)да ўтказилган назорат тадбирларида ҳам молиявий қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган.

Маҳаллий бюджетлар маблағларини мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида жами 290 млрд сўм миқдорида, жумладан Сирдарё (52,8 млрд сўм), Андижон (33,2 млрд сўм), Жиззах (28,3 млрд сўм), Тошкент (24,1 млрд сўм), Фарғона (19,6 млрд сўм), Сурхондарё (18,6 млрд сўм), Қашқадарё (15,6 млрд сўм), Самарқанд (15,5 млрд сўм), Бухоро (11 млрд сўм), Наманган (10,4 млрд сўм), Хоразм (8,7 млрд сўм), Навоий (2,1 млрд сўм) вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳрида (21,1 млрд сўм) ва Қорақалпоғистон Республикасида (29,1 млрд сўм) молиявий қонунбузилиш ҳолатлари ва бошқа хато-камчиликлар аниқланган.

Маълум қилинишича, 2 696та назорат тадбирларида аниқланган 369,9 млрд сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

Top