Жамият | 18:57 / 26.08.2021
4370
3 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда халқ таълими вазирига шикоят қилган мактаб жамоасининг ўзи қониқарли ишламаганликда айбланди

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида жойлашган 59-мактаб директори ва 5 нафар ходими мактаб жамоаси номидан вилоят халқ таълим бошқармасининг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб халқ таълими вазири Ш.Шерматовга видео мурожаат йўллаган. Вилоят ХТБ ушбу мурожаат бўйича расмий муносабат билдирди.

Муносабатда ёзилишича, 59-мактаб ўқитувчиларининг бирортаси ҳам олий тоифага эга эмас (2 нафар ўқитувчи ўриндош сифатида бошқа мактабдан келиб фаолият юритади). Ўқитувчиларнинг 3 нафари (6,1 фоизи) биринчи тоифали, 11 нафари (22,4 фоизи) иккинчи тоифали, 30 нафари (61 фоизи) мутахассис ўқитувчи бўлиб, қолган 5 нафари (10 фоизи) ўрта-махсус маълумотга эга.

2019-2020 ўқув йилида 11-синфни 40 нафар ўқувчи тамомлаган бўлиб, шундан 2 нафари (5 фоизи) Ўзбекистондаги олийгоҳларга, яна 2 нафари (5 фоизи) хорижий университетларга ўқишга қабул қилинган. Бу натижа билан мактаб олий таълимга кириш кўрсаткичлари бўйича оч қизилдан жой олган.

Маълум қилинишича, ушбу мактаб ўқувчиларининг фан олимпиадаларига иштирокининг охирги 2 йиллиги кўриб чиқилганда бирорта ўқувчи совринли ўринларни қўлга кирита олмаган.

Видео мурожаатда вилоят ХТБдан мактабга асоссиз текширувчилар кўп келиши айтилган. Муносабатда таъкидланишича, жорий йил 5 август куни мактабларнинг янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолатларини ўрганиш мақсадида вилоят ХТБ бошлиғининг биринчи ўринбосари И.Кенжаев бошчилигида ишчи гуруҳ Олтинсой туманида бўлган ва 59-мактабга ҳам борган.

Мактаб директори соғлиғи туфайли иш ўрнида бўлмаган. Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари ва хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосарларига янги ўқув йилига тайёргарлик, ободонлаштириш, синф хоналарнинг тозалиги юзасидан керакли топшириқлар берилиб, ушбу топшириқларни жойида бартараф эттириб қайтилган.

Шундан сўнг, жорий йилнинг 23 август куни вилоят ХТБнинг молиявий таҳлил ва режалаштириш бўлими бош иқтисодчиси Ж.Менгниёзов ҳамда бошқарманинг кадрлар бўлими бош мутахассиси Р.Менглиқуловлар Олтинсой туманидаги мактабларда ўқитувчилар ойлик иш ҳақидан мажбурий обуна учун ушлаб қолинаётганлиги ҳолати ўрганилган. Ўрганишда 59-мактабда ҳам блогер Соатмўмин Жумаевнинг хусусий, таълимга оид бўлмаган газетасига мактаб ўқитувчиларининг ойлик иш ҳақларидан уларнинг розилик аризаларисиз пул ўтказиб берилгани аниқланган.

«Мактаб директори Р.Тошмуродова буни онгли равишда бошқача талқин қилиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 18 декабрдаги 348-сонли қарори билан тасдиқланган Низом билан юклатилган вазифаларни лозим даражада бажармаган», дейилади муносабатда.

Мавзуга оид