Жаҳон | 08:18 / 02.09.2021
72832
2 дақиқада ўқилади

Панжшердаги тўқнашувларда толибларнинг 300дан кўпроқ вакили ҳалок бўлди - ОАВ

Афғонистоннинг Панжшер вилоятида толиблар ва қаршилик кучлари ўртасида борган тўқнашувларда 300дан кўпроқ толиб ҳалок бўлди. Бу ҳақда қаршилик кучларига яқин манба ТАСС ахборот агентлигига хабар берди.

Панжшер қаршилик кучлари / Фото: AFP

“Кеча кечки пайт “Толибон”нинг Панжшерга киришга уриниши вақтида 300дан кўпроқ жангари ҳалок бўлди. Яна бир неча ўнлаб жангарилар жиддий жароҳатланди ёки асирга олинди”, деб маълум қилган манба.

Таъкидланишича, айни вақтда жанговар ҳаракатлар давом этмоқда, толиблар қаршилик кучларининг мудофаасини ёриб ўтолмаган ва орқага чекинишга мажбур бўлмоқда.

1 сентябрда “Толибон” томонидан Панжшерга губернатор этиб тайинланган Амир Хон Муттақий ўтган ҳафта қаршилик кучлари билан бошланган музокаралар муваффақиятсиз якунланганини маълум қилган.

Панжшердаги қаршилик кучлари толиблар катта йўқотишларга учраётгани ва чекинаётганини маълум қилган. Улар “Толибон” Панжшерда 6та аванпостни эгаллаб олгани ҳақидаги хабарларни рад этмоқда.

“Толиблар ҳақиқатан ҳам кечадан бери Панжшерга киришга уринмоқда, бироқ бунинг уддасидан чиқа олмаяпти. Улар бирорта аванпостни эгаллай олмаган. Толиблар катта йўқотишларга учрамоқда ва чекинишга мажбур бўлмоқда”, деб маълум қилган манба.

Мавзуга оид