Зиддият томонлари бир-бирига терс маълумотлар тарқатиб, «ахборот уруши» олиб бормоқда.

Икки томон ҳам ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш учун уринишлар муваффақиятсиз якунлангач, толибларнинг водий томон кенг кўламли ҳужумлари бошланганини маълум қилган.

«Толибон» вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид толиблар «Миллий қаршилик фронти»ни бир неча позицияларда водий ичкарисига чекинтириб, рақибга қақшатқич зарбалар бергани ҳақида айтган.

Ҳаракатнинг яна бир вакили Билол Карими РИА Новости мухбирига берган маълумотида, амирлик жангчилари Панжшер ичкарисига кириб, вилоятнинг 20 фоизлик қисмини назорат қилаётгани ҳақида айтиб ўтган.

Ўз навбатида, Миллий фронт вакили Фоҳим Даштий BBC интервьюда водийга икки томондан қилинган ҳужумлар қайтарилгани, фронт водийга киришдаги барча йўллар устидан назоратни сақлаб қолаётгани ва айрим ҳудудларда ҳатто водий ташқарисида юришлар амалга оширилгани ҳақида айтган.

Унинг сўзларига кўра, толиблар сўнгги тунда бир неча ҳудудда бўлиб ўтган жангларда 350 кишисини йўқотган, жами 50 жангари асир тушган.

Фронт вакиллари маълумот беришича, ўтган тунда «Толибон» Панжшер водийсига ҳужумларни бир неча томондан давом эттирган: Андараб водийси орқали Ховак довони томондан, Шотул туманидаги Саланг довони томондан, шунингдек, Парвон вилоятидаги Гулбаҳор шаҳри томондан.

Қўшимча қилинишича, «Толибон» Ховак довонида камида 100 кишини йўқотган, Шотул туманидаги гуруҳ тўлиқ мағлубиятга учраган, Саланг туманидаги гуруҳ қуршаб олинган.

Шунингдек, Бадахшон вилоятида исён кўтарилгани, қаршилик кучлари ҳудуддаги тўртта тумандан толибларни қувиб юборгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ижтимоий тармоқларда Тохар вилоятида ҳам тўқнашувлар бошланиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалган. Sputnik Афғонистон манбалари қаршилик фронти етакчилари яқин вақтлар ичида вилоятдаги бир қанча туманларни озод қилишни режалаштиргани ҳақида хабар берган.

Бу маълумотларни мустақил манбалар орқали текширтиришнинг имкони йўқ.

Айни вақтда қатор рус нашрлари турли маҳаллий манбаларга таянган ҳолда Амрулла Солиҳ Тожикистонга кетгани ва толиблар Панжшерни эгаллагани ҳақида хабарлар тарқатмоқда. Herat Times эса бу маълумот асоссиз эканини маълум қилган.

Кўп ўтмай Солиҳнинг ўзи видеомурожаат қилиб, тарқалган хабарларни толибларнинг пропагандаси деб атаб, ҳозирда Панжшердалиги ва ҳеч бир ҳудуд толиблар қўлига ўтмаганини маълум қилди.