23 сентябрь куни Тошкентдаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси томонидан «Ўзбекистонда журналистларнинг ҳуқуқий ҳимояси: муаммо ва ечимлар» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда таниқли журналист ва медиа ҳуқуқи мутахассиси Карим Баҳриев чиқиш қилди ҳамда журналистларни қийнаб келаётган қатор тўсиқлар ҳақида гапирди.

Унинг сўзларига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси бугунги кунда сўз эркинлиги ва журналистлар ҳуқуқларини таъминлашга оид қатор қонунларни тасдиқдан ўтказмай келаётгани соҳада кўплаб муаммоларни юзага келтирмоқда.

«Депутатлар – халқ хизматкори. Халқ истаги ва орзуларини рўёбга чиқарадиганлар ҳам улар. Аммо бизда депутатлик жойига шу жойдан кетганидан кейин ўтириладиган мансаб учун келинади. Шунинг учун уларнинг тафаккури халққа эмас, мансабдорга керак қонунларни қабул қилишга ўрганган.

Ҳозир сўз эркинлигини таъминлаш бўйича ҳатто президент қатъий ирода кўрсатяпти. Лекин журналистлар ҳимоясига оид бир нечта қонунлар бугун депутатлар қўлида турибди. Масалан, журналистларни ҳимоя қилишга оид қонунни олинг. Ушбу қонунда журналистларнинг мажбуриятлари бир ярим бет қилиб белгилаб қўйилган. Агар журналист бу қоидаларни бузса, катта миқдорда жарима белгиланган ва қаттиқ жазолар олади. Лекин қонунда унинг фаолияти ҳимоясиз қолса, бунга жазо борми? Йўқ.

Журналистларни ҳимоя қилишга оид қонунда унинг фаолияти тегишли тартибда ҳимоя қилинади, дейилган. Лекин ўша тегишли тартибнинг ўзи йўқ.

Парламентда «Телевидение ва радиоэшиттириш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам неча йиллардан бери қабул қилинмай ётибди. Бу қонун Тожикистонда кўп йиллар аввал қабул қилинган ва ҳозир ишлаяпти.

Шунингдек, бизда «Давлат сирлари тўғрисида»ги қонун бор. Унда давлат сирларининг рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади, деган норма бор. Совет иттифоқи даврида цензура бор эди, лекин биз айнан нима давлат сири эканлигини билардик. Цензура бекор бўлгач, бу рўйхат ОАВнинг бош муҳаррирларига берилиши керак эди. Чунки инсон давлат сири нима ва нималар сир тутилиши кераклигини билиши лозим. Инсон ўзи билмайдиган нарсасини қандай қилиб сақлайди?

Ҳозир бирорта муҳаррирда бу сирлар рўйхати йўқ. Шуни қонуний қилиб киритса бўладими, бўлади. Узоққа бормайлик, қўшнимиз Тожикистонда «Давлат сирлари тўғрисида» қонун бор.

Яқинда Жиноят кодексининг янги таҳрири парламентда кўриб чиқилди. Кодексга журналистнинг касбий фаолиятига тўсқинлик, уларни турли кўринишдаги материал ёзиш ёки ёзмасликка мажбур қилиш жиноят эканлиги ҳақида модда киритилган. Лекин у ҳануз қабул қилинмай турибди.